Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- ДАРС

Иброҳимнинг имони синалади

Иброҳимнинг имони синалади

Иброҳим ўғли Исҳоққа Яҳовани севишни ва Унинг барча ваъдаларига ишониш кераклигини ўргатди. Исҳоқ тахминан 25 ёшда бўлганида, Яҳова Иброҳимдан жудаям қийин бир иш қилишни сўради. Бу қандай иш эди?

Тангри Иброҳимга: «Яккаю ягона ўғлингни олгин-да, Мориёх юртига бор ва ўша ердаги тоғда уни қурбонликка келтир»,— деб айтди. Яҳова нега бундай қилишни сўраётганини тушунмаса ҳам, Иброҳим Яҳовага қулоқ солди.

Эртаси куни саҳарлаб Иброҳим ёнига Исҳоқни ва иккита хизматкорини олди-да, Мориёх юрти томон кетди. Уч кун ўтгач, улар узоқдан ўша тоғларни кўришди. Иброҳим хизматкорларига у ўғли билан қурбонлик келтириб қайтмагунича кутиб туришни айтди. Иброҳим Исҳоқнинг елкасига ўтинларни юклади, ўзи эса пичоқни олди. Исҳоқ отасидан: «Қурбонликка келтириш учун қўй қани?» — деб сўради. Иброҳим жавобан: «Ўғлим, уни Яҳованинг Ўзи етказади»,— деди.

Охири улар тоққа етиб келишди ва ўша ерда қурбонгоҳ қуришди. Кейин Иброҳим Исҳоқнинг қўл-оёқларини боғлаб, қурбонгоҳ устига ётқизди.

Иброҳим қўлига пичоқни олди. Шу пайт осмондан Яҳованинг фариштаси уни чақириб, шундай деди: «Иброҳим! Болага зиён етказма! Энди Худога ишонишингни биламан, чунки сен ўғлингни қурбон қилишга тайёр эдинг». Кейин Иброҳим шохлари чакалакка ўралиб қолган қўчқорни кўрди. У тезда Исҳоқнинг қўл-оёқларини ечиб юборди-да, ўрнига қўчқорни қурбонликка келтирди.

Ўша кундан бошлаб Яҳова Иброҳимни дўстим деб атайдиган бўлди. Бунинг сабабини биласизми? Иброҳим Яҳова сўраган ҳамма нарсани бажарган. Ҳатто Яҳова нега бундай қилишни сўраётганини тушунмаса ҳам, Иброҳим Унинг айтганини қилган.

Яҳова Иброҳимга берган ваъдасини яна такрорлаб: «Сенга Ўз баракамни ёғдириб, болаларингни, зурриётингни кўпайтираман»,— деди. Бу билан Яҳова, Иброҳимнинг оиласи орқали барча яхши инсонларга барака бермоқчи эканини айтди.

«Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16)