Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- ДАРС

Худога қулоқ солган қул

Худога қулоқ солган қул

Юсуф Ёқубнинг кичик ўғилларидан бири эди. У отасининг севимли ўғли эканини акалари биларди. Сизнингча, бу уларга қандай таъсир қилган? Улар Юсуфга ҳасад қилиб, ундан нафратланишган. Юсуф ғайриоддий тушлар кўрган ва акаларига айтиб берган. Бу тушлар бир кун келиб акалари Юсуфга таъзим қилишини англатарди. Энди улар Юсуфдан янада кўпроқ нафратланишади.

Бир куни Юсуфнинг акалари қўйларини Шакам шаҳри яқинида боқиб юришганди. Ёқуб уни акаларидан хабар олгани юборди. Акалари узоқдан Юсуф келаётганини кўриб бир-бирига: «Ана, туш кўрувчи келяпти. Келинглар, уни ўлдирамиз!» — дейишди. Акалари уни ушлаб олиб, чуқурга ташлашди. Аммо Яҳудо исмли акаси: «Уни ўлдирманглар! Яхшиси уни қулликка сотиб юборайлик»,— деди. Шундай қилиб, акалари Юсуфни Мисрга кетаётган мидиёнлик савдогарларга 20 шекел кумушга сотиб юборишди.

Кейин акалари Юсуфнинг тўнини эчкининг қонига булашди-да, отасига юбориб: «Бу ўғлингизнинг тўни эмасми?» — деб сўрашди. Шунда Ёқуб Юсуфни йиртқич ҳайвон ўлдирган деб ўйлади. У Юсуф учун кўп вақт йиғлаб юрди. Унга ҳеч ким тасалли бера олмади.

Мисрда Юсуфни Пўтифар исмли сарой амалдорига қул қилиб сотишди. Лекин Яҳова Юсуф билан эди. Пўтифар Юсуф ишларни яхши бажараётганини ва ишончли одам эканини кўрди. Тез орада у Юсуфга бор нарсасини топширди.

Пўтифарнинг хотини Юсуф қоматдор ва чиройли эканига эътибор берди. Кундан-кунга у Юсуфни ўзи билан ётишга ундарди. Юсуф нима қилди? У рад этиб: «Йўқ! Бу нотўғри. Хўжайиним менга ишонади, сиз эса унинг хотинисиз. Сиз билан ётсам Худога қарши гуноҳ қилган бўламан!» — деди.

Бир куни Пўтифарнинг хотини Юсуфни мажбурлаб, у билан ётмоқчи бўлди. У Юсуфнинг кийимидан маҳкам ушлаб олди, лекин Юсуф қочиб кетди. Пўтифар уйига келганида, хотини унга: «Юсуф мен билан ётмоқчи бўлди»,— деб ёлғон гапирди. Пўтифар қаттиқ ғазабланиб, Юсуфни зиндонга ташлади. Бироқ Яҳова Юсуфни эсидан чиқармади.

«Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар, шунда У ўз вақтида сизларни юксалтиради». (1 Бутрус 5:6)