Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

15- ДАРС

Яҳова Юсуфни ҳечам унутмади

Яҳова Юсуфни ҳечам унутмади

Юсуф зиндонда бўлганида, фиръавн, яъни Миср шоҳи туш кўрди, аммо ҳеч ким уни тушунтириб бера олмади. Хизматкорлардан бири фиръавнга тушининг маъносини Юсуф тушунтира олишини айтди. Фиръавн ўша заҳотиёқ Юсуфни чақиртирди.

Фиръавн Юсуфдан: «Тушимнинг маъносини айтиб бера оласанми?» — деб сўради. Юсуф шундай деди: «Мисрда етти йил мобайнида озиқ-овқат мўл-кўл бўлади, кейин эса етти йил очарчилик бўлади. Шу боис, доно бир кишини танланг, халқингиз очликдан ўлмаслиги учун у озиқ-овқат ғамласин». Фиръавн жавобан: «Мен сени танладим! Сен Мисрдаги иккинчи қудратли одам бўласан!» — деди. Фиръавн кўрган тушнинг маъносини Юсуф қаердан билган? Унга Яҳова ёрдам берган.

Кейинги етти йил давомида Юсуф озиқ-овқат ғамлади. Сўнг Юсуф айтганидек, бутун ер юзида очарчилик бўлди. Одамлар турли жойлардан озиқ-овқат сотиб олиш учун Юсуфнинг олдига келишарди. Юсуфнинг отаси Ёқуб Мисрда озиқ-овқат борлигини эшитиб, ўнта ўғлини озиқ-овқат сотиб олгани юборди.

Ёқубнинг ўғиллари Юсуфнинг олдига боришди. У акаларини дарров таниди. Аммо улар Юсуфни танишмади. Юсуф ўсмирлигида тушида кўрганидай, акалари унга таъзим қилишди. Юсуф акалари ҳали ҳам нафратга тўлами ёки йўқми билишни истади. Шу сабабли, уларга: «Сизлар айғоқчисизлар. Сизлар юртнинг ҳимоясиз жойларини кўргани келгансизлар»,— деди. Улар эса: «Йўқ, биз 12 та ака-укамиз. Биз Канъон юртиданмиз. Битта укамиз ўлган, кенжа укамиз эса отамиз билан қолган»,— дейишди. Шунда Юсуф уларга: «Кенжа укангизни олдимга олиб келсангиз, сизларга ишонаман»,— деб айтди. Шу тариқа, унинг акалари уйга, отасининг ёнига қайтиб кетишди.

Уларнинг озиқ-овқати тугаб қолгач, Ёқуб ўғилларини яна Мисрга юборди. Бу сафар улар кенжа укалари Беняминни ўзлари билан олиб кетишди. Юсуф акаларини синаш мақсадида, Беняминнинг дон солинган хуржунига кумуш қадаҳини солиб қўйди ва акаларини ўғриликда айблади. Хизматкорлар қадаҳни Беняминнинг хуржунидан топишганини кўриб, акалари саросимага тушиб қолишди. Улар Юсуфдан Беняминнинг ўрнига уларни жазолашни ўтиниб сўрашди.

Юсуф акалари ўзгарганини кўрди. У ҳис-туйғуларини бошқа яшира олмай йиғлаб юборди ва уларга: «Мен сизларнинг укангиз Юсуфман. Отам тирикмилар?» — деб айтди. Акалари ҳайратдан қотиб қолишди. Юсуф акаларига шундай деди: «Менга қилган ишингизни ўйлаб қайғурманглар. Сизларнинг ҳаётингизни асраб қолиш учун Худо мени бу ерга юборди. Энди тезда бориб, отамни бу ерга олиб келинглар».

Улар оталарига хушхабарни етказиш ва уни Мисрга олиб келиш учун уйларига қайтишди. Кўп йиллардан сўнг, Юсуф билан отаси яна кўришишди.

«Агар кечирмасангиз, унда Отангиз ҳам хатоларингизни кечирмайди». (Матто 6:15)