Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17- ДАРС

Мусо Яҳовага топинишни танлади

Мусо Яҳовага топинишни танлади

Ёқубнинг оиласи Мисрда Исроил халқи деб танилди. Ёқуб ва Юсуфнинг ўлимидан сўнг, Мисрда янги фиръавн бошқаришни бошлади. У Исроил халқи мисрликларга қараганда кучайиб кетаётганидан қўрқиб, уларни қул қилиб олди. Фиръавн Исроил халқини ғишт қуйишга ҳамда далада оғир ишларни қилишга мажбурлади. Аммо мисрликлар уларни қанча оғир иш қилишга мажбурласа, улар шунча кўпайиб кетди. Бу фиръавнга ёқмагани учун у Исроил халқида туғилган барча ўғил болаларни ўлдиришни буюрди. Исроил халқи қаттиқ саросимага тушганини бир тасаввур қилинг!

Йўхавад исмли исроиллик аёл ёқимтой бир ўғил кўрди. У ўғлини ҳимоя қилиш учун уни саватга солди ва Нил дарёси бўйидаги қамишлар орасига яшириб қўйди. Чақалоқнинг опаси Марям нима бўлишини кўриш учун нарироқда қараб турди.

Фиръавннинг қизи дарёга чўмилгани келганида саватга кўзи тушиб қолди. У саватда йиғлаб ётган болани кўриб, унга раҳми келди. Шунда Марям ундан: «Бу болани боқиб берадиган бирорта аёл топиб келайми?» — деб сўради. Фиръавннинг қизи рухсат бергач, Марям ўз онаси Йўхавадни чақириб келди. Фиръавннинг қизи Йўхавадга: «Болани олиб, менга боқиб бер. Бу учун сенга пул тўлайман»,— деб айтди.

Бола катта бўлиб қолганида, Йўхавад уни фиръавн қизининг ёнига олиб келди. У болага Мусо деб исм берди ва уни ўз боласидай катта қилди. Мусо шаҳзодалардай улғайиб, хоҳлаган нарсасига эга бўлиши мумкин эди. Аммо Мусо асло Яҳовани унутмади. У аслида мисрлик эмас, исроиллик эканини биларди ва Яҳовага хизмат қилишни танлади.

Мусо 40 ёшга кирганида, халқига ёрдам бермоқчи бўлди. Мисрлик бир киши исроиллик қулни ураётганини кўриб, Мусо ўша мисрликни шунчалик қаттиқ урдики у ўлиб қолди. Мусо ўликни қумга яширди. Фиръавн бу ҳақда хабар топгач, Мусони ўлдирмоқчи бўлди. Аммо Мусо Мидиён юртига қочиб кетди ва Яҳова ўша ерда унга ғамхўрлик қилди.

«Мусо улғайганда, имони туфайли фиръавн қизининг ўғли деб аталишдан воз кечган... Худонинг халқи билан азоб-уқубат чекишни афзал кўрган». (Ибронийларга 11:24, 25)