Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ДАРС

Ёнаётган бута

Ёнаётган бута

Мусо 40 йил давомида Мидиён юртида яшади. У уйланиб, бола-чақали бўлди. Бир куни у Синай тоғи яқинида қўйларини боқиб юрганида, ажойиб бир нарсага кўзи тушди. Бир бута ёнаётган эди, лекин ёниб тугамаётганди! Мусо яқинроқ бориб қарайман деса, бута орасидан шундай овоз эшитилди: «Мусо! Бу ерга яқинлашма. Оёғингдаги сандални еч, чунки сен турган жой муқаддасдир». Бу Яҳованинг овози эди. У фаришта орқали гапираётганди.

Мусо қўрққанидан юзини ёпиб олди. Ўша овоз унга шундай деди: «Мен исроилликларнинг азоб чекаётганини кўрдим. Мен уларни мисрликлар қўлидан халос этиб, яхши юртга олиб кираман. Сен халқимни Мисрдан олиб чиқасан». Буни эшитиб Мусо роса ҳайратда қолди.

Мусо: «Мабодо халқ мени ким юборганини сўраса, нима деб айтай?» — деб сўради. Худо эса: «Уларга сени Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Тангриси Яҳова юборганини айт»,— деди. Шунда Мусо: «Агар халқ менга қулоқ солишни хоҳламаса-чи?» — деб айтди. Яҳова Мусони ёрдам беришига ишонтирди. У Мусога таёғини ерга ташлашни буюрди. Шунда таёқ илонга айланди. Мусо илоннинг думидан ушлаши билан у яна таёққа айланди. Яҳова: «Бу мўъжиза сени Мен юборганимни тасдиқлайди»,— деди.

Мусо: «Мен яхши гапира олмайман»,— деди. Яҳова унга: «Ўзим сенга нима дейиш кераклигини ўргатаман ва аканг Ҳорунни сенга ёрдамга юбораман»,— деб ваъда берди. Яҳова у билан эканини билиб, Мусо хотини ва ўғилларини олди-да, Мисрга қараб кетди.

«Нима дейман, қандай гапираман деб ташвишланманглар, чунки нима дейиш кераклигини ўша пайтнинг ўзида билиб оласизлар». (Матто 10:19)