Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

19- ДАРС

Илк учта офат

Илк учта офат

Мисрликлар исроилликларни қуллар сифатида оғир меҳнат қилишга мажбурлашарди. Яҳова Мусо билан Ҳорунни фиръавн ёнига юбориб, шундай дейишни буюрди: «Халқим Менга саҳрода топиниши учун уларни қўйиб юбор». Фиръавн бўлса мағрурлик билан жавоб қайтариб: «Яҳова нима дегани билан ишим йўқ, исроилликларни қўйиб юбормайман»,— деди. Кейин фиръавн уларни янада кўпроқ ишлашга мажбур қилди. Шунга Яҳова фиръавннинг таъзирини бериб қўйди. Худо буни қандай қилганини биласизми? Аллоҳ Мисрга ўнта офат юборди. Яҳова Мусога: «Фиръавн Менга қулоқ солмайди. Эрталаб у Нил дарёсида бўлади. Ёнига бориб, халқимни қўйиб юбормагани учун Нил дарёсининг сувлари қонга айланишини айт»,— деди. Мусо Унга қулоқ солиб, фиръавннинг ёнига борди. Ҳорун фиръавннинг кўз олдида таёғи билан Нил дарёсига урди ва унинг сувлари қонга айланди. Дарёдаги балиқлар ўлиб, дарё сасий бошлади ва ҳеч ким Нил дарёсидан сув ича олмай қолди. Шунда ҳам фиръавн исроилликларни қўйиб юборишдан бош тортди.

Етти кундан сўнг Яҳова Мусони яна фиръавн ҳузурига юбориб, шундай дейишни буюрди: «Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мисрни қурбақалар босиб кетади». Фиръавн исроилликларни қўйиб юборишни истамади. Шунинг учун Ҳорун таёғини кўтарган эди, бутун юртни қурбақалар босиб кетди. Қурбақалар одамларнинг уйларига, тўшакларига ва идиш-товоқларига кириб олди. Ҳамма жойни қурбақа босиб кетди! Фиръавн Мусодан Яҳовага ёлвориб, офатни тўхтатишини сўради. У исроилликларни қўйиб юборишни ваъда қилди. Шунда Яҳова офатни тўхтатди ва мисрликлар ўлган қурбақаларни уюм-уюм қилиб тўплашди. Юрт сасий бошлади. Лекин фиръавн яна исроилликларни қўйиб юбормади.

Кейин Яҳова Мусога: «Ҳорун таёғи билан ерга урсин, шунда чанг чивинларга ёки чақадиган майда ҳашаротларга айланади»,— деди. Шу заҳотиёқ ҳамма жойни чивин босиб кетди. Фиръавннинг айрим хизматкорлари унга: «Бу офат Худодан»,— деб айтишди. Аммо у шунда ҳам исроилликларни қўйиб юбормади.

«Куч-қудратимни уларга кўрсатаман. Шунда улар исмим Яҳова эканини билиб олишади». (Еремиё 16:21)