Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- ДАРС

Навбатдаги олтита офат

Навбатдаги олтита офат

Мусо билан Ҳорун фиръавннинг олдига бориб, Худонинг қуйидаги сўзларини айтишди: «Агар халқимни қўйиб юбормасанг, юртингга сўна пашшаларни юбораман». Бою камбағал мисрликларнинг уйлари гала-гала сўна пашшаларга тўлиб кетди. Сўна пашшалар бутун юртни босди. Аммо исроилликлар яшайдиган Гўшен ерида улар йўқ эди. Ушбу тўртинчи офат ва ундан кейингилари фақат мисрликларга зарар келтирди. Фиръавн Мусога: «Яҳовадан бу пашшаларни йўқ қилишини сўра, халқинг кетиши мумкин»,— деб ўтинди. Лекин Яҳова сўна пашшаларни йўқ қилганида, фиръавн фикридан қайтди. Фиръавннинг ақли кирармикин?

Яҳова: «Агар фиръавн халқимни қўйиб юбормаса, мисрликларнинг чорваси касал бўлиб ўлади»,— деди. Кейинги куни чорва нобуд бўла бошлади. Исроилликларнинг чорвасига эса ҳеч нарса қилмади. Шунда ҳам фиръавн ўжарлигича қолиб, ўзиникидан қайтмади.

Яҳова Мусога яна фиръавннинг ёнига боришни ва кулни ҳавога сочишни айтди. Кул чангга айланиб ҳавони тўлдирди ва барча мисрликларнинг устига тушди. Бу чанг туфайли мисрликларга ва уларнинг жониворларига оғриқли яралар тошиб кетди. Лекин бу сафар ҳам фиръавн исроилликларни қўйиб юборишдан бош тортди.

Яҳова Мусони фиръавн ёнига юбориб, шундай дейишни буюрди: «Ҳали ҳам Менинг халқимни қўйиб юбормоқчи эмасмисан? Эртага юртингга дўл ёғади». Эртаси куни Яҳова момақалдироқ гулдуратиб, дўл ёғдирди ва ерга яшин тушди. Мисрда бунақа кучли бўрон ҳеч қачон бўлмаганди. Гўшен еридан ташқари ҳамма жойдаги дарахтлар ва экинлар нобуд бўлди. Фиръавн Мусога: «Буларни тўхтатишни сўраб Яҳовага ёлвор, кейин кетишингиз мумкин»,— деб айтди. Дўл ва ёмғир тўхташи билан фиръавн яна фикридан қайтди.

Сўнг Мусо: «Энди дўлдан қолган барча ўсимликларни чигирткалар еб битиради»,— деди. Миллионлаб чигирткалар далада ва дарахтларда қолган барча нарсани еб ташлади. Фиръавн яна Мусога ялиниб: «Яҳовадан чигирткаларни йўқ қилишни сўра»,— деди. Лекин Яҳова чигирткаларни йўқ қилганидан кейин ҳам фиръавн ўжарлигича қолди.

Яҳова Мусога: «Қўлингни осмонга кўтар»,— деди. Шу заҳоти осмон бутунлай қоп-қоронғи бўлиб қолди. Уч кун давомида мисрликлар ҳеч кимни ва ҳеч нарсани кўра олишмади. Фақат исроилликлар яшайдиган жой ёруғ эди.

Фиръавн Мусога: «Сен ва халқинг кетишингиз мумкин, чорвангиз эса шу ерда қолади»,— деди. Мусо бўлса: «Чорвамизни олиб кетмасак бўлмайди, чунки уларни Худойимизга қурбонлик қилиб келтирамиз»,— деб жавоб берди. Бундан фиръавннинг жаҳли чиқиб: «Кўзимдан йўқол! Сени яна кўрсам, ўлдираман»,— деб бақирди.

«Шунда одил киши билан ёвуз киши, Худога хизмат қилаётган киши билан Унга хизмат қилмаётган киши ўртасидаги фарқни яна кўрасизлар». (Малаки 3:18)