Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

21- ДАРС

Ўнинчи офат

Ўнинчи офат

Мусо фиръавнга бошқа у билан кўришишга ҳаракат қилмаслигини айтди. Лекин кетишидан олдин: «Ярим тунда Миср юртида фиръавннинг ўғлидан тортиб, қулнинг ўғлигача, барча тўнғич болалар ўлади»,— деди.

Яҳова исроилликларга ўзгача бир таом ейишлари кераклигини айтди. У шундай деб буюрди: «Бир яшар эркак қўй ёки эчкини сўйиб, қонини эшигингизнинг икки ёндори ва тепа тахтасига сачратинглар. Гўштини оловда пишириб, хамиртурушсиз нон билан енглар. Кийим ва сандалингизни кийиб, кетишга тайёр туринглар. Бу кеча сизларни озод қиламан». Исроилликлар қанчалик ҳаяжонга тўлганини бир тасаввур қилинг!

Ярим тунда Яҳованинг фариштаси Мисрдаги ҳамма уйлар оралаб ўтди. Ёндорлари ва тепа тахтасига қон билан белги қўйилмаган уйлардаги тўнғич болалар ўлди. Фаришта қон билан белгиланган уйлар ёнидан ўтиб кетди. Хоҳ бой, хоҳ камбағал бўлсин, мисрликларнинг ҳар бир оиласида битта фарзанд ўлди. Бироқ барча исроиллик болалар омон қолди.

Фиръавннинг ўғли ҳам ўлди ва у бунга чидай олмади. Фиръавн шу заҳотиёқ Мусо билан Ҳорунга: «Йўқолинглар бу ердан. Бориб Худойингизга топининглар. Чорвангизни ҳам олиб кетинглар!» — деди.

Тўлин ой нур сочиб турганида, исроилликлар оила ва қабилалари бўйича сафланиб, Мисрдан чиқиб кетишди. Улар 600 000 эркак киши ва кўплаб аёллару болалардан иборат эди. Исроилликлар билан бирга Яҳовага топиниш учун кўпгина бошқа одамлар ҳам Мисрдан чиқишди. Ниҳоят исроилликлар озод бўлди!

Яҳова уларни қандай озод қилгани ҳақида эслаб туриш учун, исроилликлар ҳар йили шундай ўзгача таомни ейишлари керак эди. Бу байрам Фисиҳ деб аталди. Бу сўзнинг маъноси «четлаб ўтиш» дегани.

«Сен орқали Ўз қудратимни кўрсатиб, исмим бутун дунёда эълон этилиши учун сени тирик қолдирдим». (Римликларга 9:17)