Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- ДАРС

Исроилликлар Яҳовага ваъда беради

Исроилликлар Яҳовага ваъда беради

Мисрни тарк этганидан тахминан икки ой ўтгач, исроилликлар Синай тоғига етиб келишди ва шу ерда қароргоҳ қуришди. Яҳова Мусони чақирди ва тоққа чиққанида унга шундай деди: «Мен исроилликларнинг ҳаётини сақлаб қолдим. Агар улар Менга итоат этиб, қонунларимга риоя қилишса, Менинг ўзгача халқим бўлишади». Мусо тоғдан тушиб, Яҳованинг сўзларини исроилликларга етказди. Хўш, улар бунга қандай жавоб қайтаришди? Улар: «Яҳованинг ҳамма айтганларини бажарамиз»,— дейишди.

Мусо яна тоққа чиқди. У ерда Яҳова унга: «Учинчи куни Мен сенга гапираман. Халқни огоҳлантир, Синай тоғига қадам босмасин»,— деди. Мусо пастга тушиб, исроилликларга Яҳованинг сўзларини эшитиш учун тайёргарлик кўришни айтди.

Учинчи куни исроилликлар чақмоқ чаққанини ҳамда тоғ тепасида қуюқ булут пайдо бўлганини кўришди. Шунингдек, момақалдироқ гумбурлаганини ва бурғунинг баланд овозини эшитишди. Сўнг Яҳова олов ичида тоғ тепасига тушди. Исроилликларни қўрқувдан титроқ босди. Бутун тоғ қаттиқ силкинди ва уни тутун қоплади. Бурғу овози тобора баландлашиб борарди. Кейин Худо шундай деди: «Мен Яҳоваман. Мендан ўзга худоларингиз бўлмасин».

Мусо қайтиб тоққа чиқди. У ерда Яҳова унга қонунлар берди. Бу қонунларда Яҳовага қандай топиниш ҳамда улар ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида айтилганди. Мусо бу қонунларни ёзиб олди, сўнг исроилликларга ўқиб берди. Улар эса: «Яҳованинг ҳамма айтганларини бажарамиз»,— деб ваъда беришди. Ҳа, улар Худога ваъда беришди. Аммо улар ваъдасининг устидан чиқишдими?

«Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севинг». (Матто 22:37)