Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

25- ДАРС

Топиниш учун муқаддас чодир қурилади

Топиниш учун муқаддас чодир қурилади

Мусо Синай тоғида бўлганида Яҳова унга ўзгача бир чодир қуришни буюрди. У муқаддас чодир дея аталиб, у ерда исроилликлар Яҳовага топиниши мумкин эди. Улар йўлга тушганида муқаддас чодирни йиғиб, ўзлари билан олиб кетиши мумкин бўлган.

Яҳова Мусога: «Халққа айт: “Муқаддас чодирнинг қурилиши учун, ким нима бера олса шуни олиб келсин”»,— деди. Исроилликлар олтин, кумуш, мис, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмларини олиб келишди. Яна улар жун, зиғир мато, ҳайвонларнинг териси ва кўпгина бошқа нарсаларни беришди. Улар шунчалик сахийлик кўрсатишдики, охири Мусо: «Бўлди, етади, бошқа ҳеч нарса олиб келманглар»,— деди.

Кўплаб қобилиятли эркагу аёллар муқаддас чодирнинг қурилишида ёрдам беришди. Бу ишларни бажаришлари учун Яҳова уларга донолик ато этди. Айримлар ип йигирди, мато тўқиди ва кашта тикди. Бошқалар эса тош йўнди, олтин ва ёғочдан буюмлар ясади.

Халқ муқаддас чодирни худди Яҳова айтгандай қилиб қурди. Улар муқаддас чодирни икки қисмга, яъни Муқаддас хона ва Энг муқаддас хонага ажратиш учун чиройли пардалар тикишди. Энг муқаддас хонада аҳд сандиғи бор бўлиб, у акация ёғочидан ва олтиндан ясалган эди. Муқаддас хонада эса олтин чироқпоя, стол ва тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳ турарди. Ҳовлида мисдан ясалган тос ва катта қурбонгоҳ бор эди. Аҳд сандиғи исроилликларга Яҳовага итоат қилиш ҳақида берган ваъдасини эслатиб турарди. Аҳд нималигини биласизми? Бу — ўзаро берилган қатъий ваъда.

Яҳова Ҳорун билан ўғилларини муқаддас чодирда руҳонийлар бўлиб хизмат қилиши учун танлади. Улар муқаддас чодирдаги ишларга жавобгар эди ва Яҳовага қурбонликлар келтиришарди. Фақат Ҳорунга, яъни олий руҳонийга Энг муқаддас хонага кириш рухсат этиларди. Ҳорун у ерга ўзи, оиласи ва Исроил халқининг гуноҳларини ювиш учун қурбонлик келтириш мақсадида йилига бир марта кирарди.

Исроилликлар Мисрдан чиққанига бир йил бўлганида муқаддас чодирнинг қурилишини тугатишди. Энди уларда Яҳовага топинадиган жой бор.

Яҳова муқаддас чодир Унга ёққанини кўрсатиш учун, унинг устида булут пайдо қилди. Булут муқаддас чодирнинг тепасида бўлган пайтда исроилликлар ўз жойида қолишарди. Булут кўтарилганида эса, улар йўлга тушиш пайти келганини билишарди. Шунда улар муқаддас чодирни йиғиб, булутнинг ортидан эргашишарди.

«Шу пайт тахтдан кучли овоз шундай деганини эшитдим: “Мана, Аллоҳнинг чодири инсонлар орасида. Худонинг Ўзи улар билан бирга яшайди ва улар Унинг халқи бўлишади. Аллоҳнинг Ўзи улар билан бўлади”». (Ваҳий 21:3)