Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

26- ДАРС

Ўн иккита айғоқчи

Ўн иккита айғоқчи

Исроилликлар Синай тоғидан кетиб, Порон чўли бўйлаб йўл юришди ва Кадеш деб номланган жойга келишди. Бу ерда Яҳова Мусога: «Ҳар бир қабиладан биттадан одамни танлаб, 12 кишини Канъон юртига юбор. Улар Мен Исроил халқига берадиган ўша юртни кўриб келишсин»,— деди. Шундай қилиб, Мусо 12 кишини танлаб олиб, уларга: «Канъон юртига бориб, у ер серҳосилми ёки унумсизми, одамлари кучлими ёки заифми, улар чодирларда яшайдими ёки шаҳарлардами кўриб келинглар»,— деб айтди. 12 айғоқчи Канъон юртига жўнаб кетди. Уларнинг орасида Ёшуа билан Холиб ҳам бор эди.

40 кундан кейин айғоқчилар ўзлари билан анжир, анор ва узум олиб қайтиб келишди. Улар шундай хабар келтиришди: «Юрт жуда яхши, лекин одамлари кучли, шаҳарлари эса баланд деворлар билан ўралган экан». Сўнг Холиб: «Биз уларни енга оламиз. Келинглар, ҳозироқ йўлга чиқайлик!» — деб айтди. Холиб нега бундай деганини биласизми? Чунки у ва Ёшуа Яҳовага ишонишган. Бироқ қолган ўнта айғоқчи: «Йўқ! У ердаги одамлар худди девқоматлардай баҳайбат! Биз уларнинг олдида чигирткалардаймиз»,— дейишди.

Бундан исроилликлар тушкунликка тушди. Улар нолий бошлашди ва бир-бирига: «Келинглар, ўзимизга бошқа йўлбошчи танлаб, Мисрга қайтиб кетамиз. Нега биз Канъонга бориб, ўлиб кетишимиз керак?!» — дейишди. Ёшуа билан Холиб бўлса: «Яҳовага итоатсизлик қилманглар, қўрқманглар. Яҳова бизни ҳимоя қилади»,— деб айтишди. Лекин исроилликлар уларга қулоқ солишмади. Улар ҳатто Ёшуа билан Холибни ўлдирмоқчи бўлишди!

Яҳова нима қилди? У Мусога шундай деди: «Исроилликларга шунча яхшилик қилсам ҳам, улар Менга қулоқ солишмаяпти. Шунинг учун улар 40 йил саҳрода қолиб, шу ерда ўлиб кетишади. Фақат уларнинг болалари ва Ёшуа билан Холиб Мен ваъда қилган юртда яшайди».

«Эҳ, имони сустлар, намунча қўрқмасангизлар?!» (Матто 8:26)