Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

28- ДАРС

Баломнинг эшаги гапиради

Баломнинг эшаги гапиради

Исроилликлар саҳрода яшаётганига деярли 40 йил бўлиб қолди. Улар кўпгина мустаҳкам шаҳарларни босиб олишди. Улар Иордан дарёсининг шарқида жойлашган Мўаб даштларида қароргоҳ қуришди. Ваъда қилинган юртга кирадиган пайт ҳам келиб қолди. Мўаб шоҳи Болоқ исроилликлар унинг юртини ҳам босиб олишидан қўрқаётган эди. Шу боис у исроилликларни лаънатлаш учун Балом исмли кишини Мўабга чақирди.

Аммо Яҳова Баломга: «Исроилликларни зинҳор лаънатлама»,— деб айтди. Шу сабабли, Балом Мўабга боришни рад этди. Шоҳ Болоқ уни иккинчи марта чақиртириб, унга истаган нарсасини беришни ваъда қилди. Лекин Балом бу сафар ҳам боришни истамади. Шунда Яҳова унга: «Агар борадиган бўлсанг, фақат Мен айтган гапни айтасан»,— деди.

Балом эшагига миниб, Мўабга йўл олди. Яҳова исроилликларни лаънатлашни ман этган бўлса ҳам, Балом халқни лаънатламоқчи эди. Яҳованинг фариштаси йўлда уч марта пайдо бўлди. Фаришта фақат эшакка кўринди, Балом эса уни кўрмади. Аввалига эшак фариштани кўриб, дала томонга қайрилиб кетди. Кейин тош девор томонга юриб, Баломнинг оёғини сиқиб қўйди. Эшак охири йўлнинг ўртасида ўтириб олди. Балом эса ҳар сафар эшагини таёғи билан урди.

Балом эшагини учинчи марта урганида Яҳова эшакни гапирадиган қилиб қўйди. Эшак Баломдан: «Нега мени уряпсан?» — деб сўради. Балом эшакка: «Сен мени аҳмоқ қиляпсан. Қўлимда қилич бўлганида сени ўлдириб қўярдим!» — деб айтди. Эшак: «Неча йиллардан бери мени миниб юрасан. Бундан олдин бирор марта ўзимни шундай тутганманми?» — деб айтди.

Кейин Балом фариштани кўра олиши учун Яҳова унинг кўзларини очди. Фаришта унга: «Исроилни лаънатлама, дея Яҳова сени огоҳлантирганди-ку!» — деди. Балом унга: «Мен нотўғри иш қилдим. Энди уйимга қайтиб кетаман»,— деб айтди. Лекин фаришта унга: «Агар Мўабга борсанг, фақат Яҳова айтган гапни айтасан»,— деди.

Балом бундан сабоқ олдими? Йўқ. У Исроилни уч марта лаънатлашга уринди. Бироқ Яҳова шундай қилдики, Балом ҳар сафар лаънатлаш ўрнига уларни дуо қилди. Охир-оқибат исроилликлар Мўабга ҳужум қилишди ва Балом ўлдирилди. У бошданоқ Яҳовага қулоқ солганида яхши бўларди, шундай эмасми?

«Ўзингизни ҳар турли очкўзликдан сақланглар, чунки одамнинг мол-мулки кўп бўлган тақдирда ҳам, унинг ҳаёти бунга боғлиқ эмас». (Луқо 12:15)