Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- ДАРС

Яҳова Ёшуани танлайди

Яҳова Ёшуани танлайди

Исроил халқига кўп йил бошчилик қилгандан кейин, Мусонинг умри охирлаб қолди. Яҳова Мусога: «Сен исроилликларни ваъда қилинган юртга олиб кирмайсан. Аммо сенга юртни кўришга рухсат бераман»,— деди. Шунда Мусо Яҳовадан халққа ғамхўрлик қиладиган бошқа йўлбошчи танлашни сўради. Яҳова Мусога: «Ёшуанинг олдига бориб, Мен уни танлаганимни айт»,— деди.

Мусо халққа яқинда ўлишини ҳамда уларни ваъда қилинган юртга бошлаб бориш учун Яҳова Ёшуани танлаганини айтди. Мусо Ёшуага шундай деди: «Қўрқма, Яҳова сенга ёрдам беради». Кейин Мусо Наво тоғининг чўққисига чиқди ва Яҳова унга Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга ваъда қилган юртни кўрсатди. Мусо 120 ёшда вафот этди.

Яҳова Ёшуага шундай деди: «Иордан дарёсини кечиб, Канъон юртига бор. Мусога қандай ёрдам берган бўлсам, сенга ҳам шундай ёрдам бераман. Тавротни албатта ҳар куни ўқи. Қўрқма. Жасур бўл. Бор, Мен сенга нималарни буюрган бўлсам, шуни бажар».

Ёшуа иккита айғоқчини Ерихо шаҳрига юборди. Кейинги ҳикояда у ерда нима содир бўлгани тўғрисида кўпроқ билиб оламиз. Улар у ердан қайтиб келгач, Канъонга киришнинг айни пайти экани ҳақида хабар беришди. Эртаси куни Ёшуа халққа қароргоҳни йиғишни айтди. Кейин у аҳд сандиғини кўтариб юрадиган руҳонийларга Иордан дарёси томонга боришни буюрди. Дарё тошиб оқаётганди. Руҳонийларнинг оёғи сувга тегиши билан дарё сувлари оқишдан тўхтаб, қуриб қолди! Улар дарёнинг ўртасига боришди ва бутун Исроил халқи дарёнинг нариги томонига ўтгунча, ўша ерда туришди. Бу воқеа исроилликларга Яҳова Қизил денгизда қилган мўъжизани эслатган бўлса керак, шундай эмасми?

Шунча йилдан сўнг, ниҳоят Исроил халқи ваъда қилинган юртга эга бўлди. Улар уй ва шаҳарлар қуриши мумкин эди. Улар дала, узумзор ва мевали боғлар барпо эта олишарди. Бу чиндан ҳам сут ва асал оқиб ётган юрт эди.

«Яҳова доим сени етаклайди, қақраган ерда ҳам сени тўйдиради». (Ишаё 58:11)