Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

31- ДАРС

Ёшуа ва гивонликлар

Ёшуа ва гивонликлар

Ерихо билан нима содир бўлгани ҳақидаги хабар Канъонда яшовчи бошқа халқларга маълум бўлди. Уларнинг шоҳлари бирга йиғилиб исроилликларга қарши жанг қилиш қарорига келишди. Лекин гивонликлар бошқача йўл тутишди. Улар эскирган кийимларни кийиб, Ёшуанинг олдига боришди-да, шундай дейишди: «Биз узоқ юртдан келдик. Яҳова ҳақида ва У сизлар учун Миср билан Мўабда нима қилганини эшитдик. Бизга ҳужум қилмасликка ваъда берсангиз, сизларга хизматкор бўламиз».

Ёшуа уларга ишониб, ҳужум қилмасликка рози бўлди. Уч кундан сўнг, улар олис юртдан келмаганини Ёшуа билиб қолди. Улар Канъон юртида яшарди. Ёшуа гивонликлардан: «Нега бизни алдадингиз?» — деб сўради. Улар жавобан: «Биз қўрқиб кетдик. Худойингиз Яҳова сизлар учун жанг қилаётганини биламиз. Илтимос, бизни ўлдирманглар»,— дейишди. Ёшуа ваъдасида туриб уларни тирик қолдирди.

Кўп ўтмай, бешта канъонлик шоҳ қўшини билан гивонликларга ҳужум қилишга шайланди. Ёшуа гивонликларни ҳимоя қилиш учун қўшини билан туни бўйи йўл юрди. Эрталаб эса жанг бошланди. Канъонликлар ҳар томонга қоча бошлади. Улар қаерга қочмасин, Яҳова уларнинг устига осмондан катта тошларни ёғдирди. Кейин Ёшуа Яҳовадан қуёшни бир жойда тўхтатиб қўйишни сўради. Агар қуёш ҳеч қачон бир жойда турмаган бўлса, нега Ёшуа Яҳовадан бундай қилишни сўради? Чунки Ёшуа Яҳовага ишонарди. Исроилликлар канъонлик шоҳларни ва уларнинг қўшинини енгмагунича қуёш ботмади.

«“Ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса Шайтондандир». (Матто 5:37)