Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32- ДАРС

Янги йўлбошчи ва иккита жасур аёл

Янги йўлбошчи ва иккита жасур аёл

Кўп йиллар мобайнида Яҳованинг халқига йўлбошчилик қилган Ёшуа 110 ёшида вафот этди. У тириклигида исроилликлар Яҳовага топинишарди. Аммо унинг ўлимидан сўнг, улар канъонликлар сингари бутларга сиғина бошлашди. Исроилликлар Яҳовага қулоқ солмагани боис, У канъонликларнинг Ёбин исмли шоҳи уларга зулм ўтказишига йўл қўйди. Халқ Яҳовага ёлвориб, ёрдам сўради. Яҳова уларга Барақ исмли янги йўлбошчини тайинлади. У халқ яна Яҳовага топинишига ёрдам берди.

Добира исмли пайғамбар аёл Бараққа Яҳовадан қуйидаги хабарни етказди: «Ёнингга 10 000 кишини олиб, Хишон сойида Ёбиннинг қўшинини қарши олишга бор. Ўша ерда Ёбиннинг лашкарбошиси Сисарони мағлуб қиласан». Барақ бўлса Добирага: «Агар мен билан бирга борсангиз, бораман»,— деб айтди. Добира унга: «Албатта сиз билан бораман. Аммо шуни билингки, Сисарони сиз ўлдирмайсиз. Яҳованинг сўзларига кўра, уни аёл киши ўлдиради»,— деди.

Жангга тайёрланиш учун Добира Барақ ва унинг қўшини билан Товур тоғига борди. Бу ҳақда эшитган заҳоти, Сисаро жанг аравалари ва лашкарини водийда тўплади. Добира Бараққа: «Яҳова сизга бугун ғалаба беради»,— деб айтди. Барақ ва унинг 10 000 та одами шиддат билан тоғдан тушиб, Сисаронинг кучли қўшинига қарши чиқишди.

Яҳова Хишон сойини тоширди ва Сисаронинг жанг аравалари лойга ботиб қолди. Шунда Сисаро аравасини ташлади-да, қочиб кетди. Барақ билан аскарлари Сисаронинг қўшинини мағлуб қилишди, лекин Сисаро қочиб қутулди! У қочиб кетиб, Ёвел исмли аёлнинг чодирида яшириниб олди. Ёвел Сисарога ичгани сут берди, кейин устини чойшаб билан ёпиб қўйди. У чарчагани учун ухлаб қолди. Ёвел секингина унинг олдига борди-да, бошига чодир қозиғини қоқиб қўйди. Шундай қилиб, Сисаро ўлди.

Шу пайт Барақ Сисарони излаб келди. Ёвел чодиридан чиқиб, унга: «Ичкарига киринг. Сиз излаётган одамни кўрсатаман»,— деди. Барақ ичкарига кириб, Сисаро ўлиб ётганини кўрди. Исроилликларга душманлари устидан ғалаба бергани учун Барақ билан Добира қўшиқ куйлаб, Яҳовани мақташди. Кейинги 40 йил мобайнида Исроилда тинчлик ҳукм сурди.

«Хушхабарни эълон қилаётган аёллар улкан қўшиндир». (Забур 68:11)