Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

34- ДАРС

Гидўн мидиёнликларни мағлуб қилади

Гидўн мидиёнликларни мағлуб қилади

Вақт ўтиб, Исроил халқи Яҳовадан юз ўгирди ва сохта худоларга сиғина бошлади. Мидиёнликлар етти йил мобайнида исроилликларнинг мол-қўйларини ўғирлаб, ерларидаги ҳосилни йўқ қилишди. Исроилликлар улардан қочиб, ғорлару тоғларга яширинадиган бўлишди. Улар Яҳовага ёлвориб, мидиёнликлардан қутқаришни сўрашди. Шунда Яҳова Гидўн исмли йигитнинг олдига Ўз фариштасини юборди. Фаришта унга: «Қудратли жангчи бўлишинг учун Яҳова сени танлади»,— деб айтди. Гидўн эса: «Қандай қилиб мен Исроил халқини қутқараман? Ахир мен ҳеч ким эмасман-ку?!» — деди.

Қандай қилиб Гидўн Яҳова уни танлаганини билиб олди? Гидўн ерга жунни қўйди-да, Яҳовага шундай деди: «Агар эртага эрталаб жуннинг устига шудринг тушса ва у ҳўл бўлса, аммо ер қуруқ бўлса, Исроилни қутқариш учун мени танлаганингни билиб оламан». Гидўн эрталаб туриб, жун жиққа ҳўл, ер эса қуп-қуруқ эканини кўрди. Аммо Гидўн эртаси куни жун қуруқ, ер эса ҳўл бўлишини сўради. Сўрагани амалга ошганида, Гидўн Яҳова уни танлаганига амин бўлди. У мидиёнликларга қарши жанг қилиш учун аскарларни тўплади.

Яҳова Гидўнга қуйидагиларни айтди: «Мен исроилликларга ғалаба бераман. Лекин аскарларинг жуда кўп ва сизлар жангда ўзимиз ғалаба қозондик, деб ўйлашингиз мумкин. Қўрқаётганларга уйига қайтиши мумкинлигини айт». Шундай қилиб, 22 000 аскар уйига қайтиб кетди, 10 000 таси эса Гидўннинг олдида қолди. Яҳова Гидўнга: «Олдингдаги аскарлар сони ҳалиям кўп. Уларни сув ёнига олиб боргин-да, сув ичишларини айт. Сув ичаётган пайтда душман келмаяптимикан, деб қараб турган кишиларнигина олдингда қолдир»,— деди. Сув ичаётган пайтда фақат 300 киши ҳушёр турди. Яҳова мана шу озчилик 135 000 мидиёнлик аскарлар устидан ғалаба қозонади, деб ваъда берди.

Ўша кеча Яҳова Гидўнга: «Мидиёнликларга ҳужум қилиш пайти келди!» — деб айтди. Гидўн одамларига бурғу ва ичига машъал яширилган катта кўзаларни берди. Уларга: «Менга қараб туринглар ва мен нима қилсам, шуни қилинглар»,— деди. Гидўн бурғу чалди, кўзани синдириб, машъални силкитди-да: «Яҳова билан Гидўннинг қиличи!» — деб бақирди. Унинг 300 та одами ҳам худди шундай қилди. Мидиёнликлар қўрқиб, ҳар томонга қочиб кетишди. Тўс-тўполон кўтарилиб, улар бир-бирига ҳужум қила бошлашди. Бу сафар ҳам Яҳова исроилликларга душманлари устидан ғалаба қозонишга ёрдам берди.

«Инсонларникидан устун турган куч биздан эмас, Худодан экани аниқ кўриниб турсин». (2 Коринфликларга 4:7)