Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

35- ДАРС

Ханна ўғил сўраб ибодат қилади

Ханна ўғил сўраб ибодат қилади

Элқана исмли исроиллик кишининг Ханна ҳамда Панинна деган иккита хотини бор эди. Аммо Элқана Ханнани кўпроқ яхши кўрарди. Ханнанинг фарзандлари йўқ эди, Паниннанинг эса болалари кўп эди. Шунинг учун Панинна доим Ханнани мазах қиларди. Ҳар йили Элқана Худога топиниш учун бутун оиласи билан Шилўдаги муқаддас чодирга борарди. Бир сафар ўша ерда бўлишганида, Элқана суюкли хотини Ханна қаттиқ хафа эканини пайқади. У хотинига: «Илтимос, йиғламагин. Ахир мен борман-ку! Сени яхши кўраман»,— деб айтди.

Кейин Ханна холи қолиб ибодат қилгани кетди. Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилаётганида, йиғидан ўзини тўхтата олмади. У: «Яҳова, агар менга ўғил ато этсанг, уни Сенга бераман ва у Сенга бутун умр хизмат қилади»,— деб ваъда берди.

Олий руҳоний Элах Ханнанинг ҳиқиллаб йиғлаётганини кўриб, уни маст, деб ўйлади. Ханна: «Йўқ, тақсирим, маст эмасман. Менинг бир дардим бор. Мен шу ҳақда Яҳовага ибодат қилаётгандим»,— деб айтди. Элах адашганини тушуниб, унга: «Илойим, Худо ниятингга етказсин»,— деди. Ханна анча енгил тортиб, ўз йўлига қайтди. Бир йил ўтар-ўтмас, у ўғил кўрди ва чақалоққа Шомуил деб исм берди. Ханнанинг хурсандчилиги ичига сиғмаганини бир тасаввур қилинг!

Ханна Яҳовага берган ваъдасини унутмади. Шомуилни сутдан чиқариши биланоқ, Ханна уни муқаддас чодирда хизмат қилгани олиб борди. У Элахга: «Мана шу болани Худодан сўраб ибодат қилгандим. Уни бутун умр Яҳовага хизмат қилиши учун бермоқчиман»,— деб айтди. Ҳар йили Элқана билан Ханна Шомуилни кўргани бориб, унга янги камзул олиб келишарди. Яҳова Ханнага яна учта ўғил ва иккита қиз ато этди.

«Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар». (Матто 7:7)