Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

36- ДАРС

Йифтохнинг ваъдаси

Йифтохнинг ваъдаси

Исроилликлар яна Яҳовани тарк этиб, сохта худоларга сиғина бошлашди. Оммонликлар исроилликларга ҳужум қилганида, бу сохта худолар уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмади. Исроилликлар кўп йил давомида азият чекишди. Охири улар Яҳовага ёлвориб: «Биз гуноҳ қилдик. Илтимос, душманларимиздан бизни қутқар»,— деб айтишди. Исроилликлар бутларини йўқ қилиб, яна Яҳовага топина бошлашди. Яҳова уларнинг азоб чекишига ортиқ чидаб туролмади.

Йифтох исмли жангчи оммонликларга қарши урушда халқни бошлаб бориш учун танланди. У Яҳовага шундай деди: «Жангда ғалаба қозонишимизга ёрдам берсанг, уйга қайтганимда эшигимдан менга пешвоз чиққан биринчи кишини Сенга бераман». Яҳова Йифтохнинг ибодатини эшитди ва жангда ғалаба қозонишига ёрдам берди.

Йифтох уйга қайтганида, яккаю ягона қизи унга биринчи бўлиб пешвоз чиқди. У чилдирма чалиб, рақсга тушди. Шунда Йифтох нима қилди? У берган ваъдасини эслаб, шундай деди: «Вой, қизим! Юрак-бағримни қон қилдинг-ку! Мен Яҳовага ваъда бериб қўйгандим. Энди ваъдамни бажариш учун сени Шилўдаги муқаддас чодирда хизмат қилишга юборишим керак». Аммо қизи отасига: «Отажон, агар сиз Яҳовага ваъда берган бўлсангиз, ваъдангизда туринг. Фақат битта тилагим бор: дугоналарим билан икки ойга тоққа чиқиб келишимга рухсат беринг. Сўнг муқаддас чодирга бораман»,— деди. Йифтохнинг қизи бутун умр муқаддас чодирда садоқат ила Худога хизмат қилди. Ҳар йили дугоналари уни кўргани Шилўга келишарди.

«Мендан кўра ўғлини ёки қизини кўпроқ севган... менинг шогирдим бўлишга лойиқ эмас». (Матто 10:37)