Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

38- ДАРС

Яҳова Шимшўнни кучли қилади

Яҳова Шимшўнни кучли қилади

Кўп исроилликлар яна бутларга сиғина бошлашди. Шу сабабли Яҳова филистимликлар уларнинг юртини бошқаришига йўл қўйди. Лекин айрим исроилликлар Яҳовани яхши кўришарди. Улардан бири Монувах эди. У ва хотинининг болалари йўқ эди. Бир куни Яҳова Монувахнинг хотини олдига фариштасини юборди. Фаришта унга: «Сен ўғил кўрасан ва у Исроилни филистимликлар қўлидан қутқаради. У Худога назр қилинган бўлади»,— деди. Худога назр қилинганлар кимлигини биласизми? Улар Яҳованинг ўзгача хизматчилари. Худога назр қилинган кишилар сочини олдириши мумкин эмасди.

Вақти келиб Монувахнинг ўғли туғилди ва у ўғлининг исмини Шимшўн қўйди. Шимшўн улғайганида Яҳова уни жуда кучли қилди. У қўллари билан шерни ўлдира оларди. Бир сафар Шимшўн ёлғиз ўзи 30 та филистимликни ўлдирди. Филистимликлар ундан нафратланишарди ва уни ўлдириш имконини излашаётган эди. Бир куни Шимшўн Ғазо шаҳрида ётиб қолди. Эрталаб уни ўлдириш учун филистимликлар шаҳар дарвозаси олдида пойлаб туришди. Аммо Шимшўн ярим кечаси уйғониб, шаҳар дарвозаси ёнига борди-да, уни деворидан қўпориб олди. У дарвозани елкасига ортиб, Хеврон яқинидаги тоғнинг тепасига олиб бориб қўйди!

Кейинчалик филистимликлар Шимшўннинг севгилиси Далиланинг олдига бориб шундай дейишди: «Агар Шимшўн нега шунчалик кучли эканини билиб берсанг, сенга жуда кўп пул берамиз. Биз уни ушлаб, қамоққа ташламоқчимиз». Далила пул олишни истагани учун бунга рози бўлди. Аввалига Шимшўн нега шунчалик кучли эканини айтишни истамади. Лекин Далила сўрайвериб Шимшўннинг жонига тегиб кетди ва у сирини айтиб қўйди. У Далилага: «Худога назр қилинганим учун ҳеч қачон сочимни олишмаган. Агар сочимни олиб ташлашса, кучимдан айриламан»,— деди. Шимшўн унга сирини айтиб катта хато қилди.

Далила дарҳол филистимликларга: «Унинг сирини билиб олдим»,— деди. Далила Шимшўннинг бошини тиззасига қўйиб ухлатди. Кейин одам чақиртириб, унинг сочини олдириб ташлади. У: «Шимшўн, филистимликлар келяпти!» — деб қичқирди. Шимшўн уйғонганида кучсиз бўлиб қолган эди. Филистимликлар уни ушлаб, кўзларини ўйиб олишди ва қамоққа ташлашди.

Бир куни минглаб филистимликлар худоси Дўғоннинг ибодатхонасида тўпланишди. Улар: «Худойимиз Шимшўнни қўлимизга тутиб берди! Шимшўнни олиб келинглар, бизга томоша кўрсатсин»,— дейишди. Улар Шимшўнни иккита устун орасига турғизиб қўйишди ва устидан кулишди. Шимшўн Яҳовага илтижо қилиб: «Эй Яҳова, ўтинаман, менга яна бир бор куч ато эт»,— деди. Бу пайтга келиб Шимшўннинг сочлари анча ўсиб қолганди. У бор кучи билан ибодатхона устунларини итарди. Шунда бино қулаб тушди ва унинг ичидаги ҳамма одамлар ўлди. Шимшўн ҳам улар билан бирга вафот этди.

«Мени қўллаб- қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан». (Филиппиликларга 4:13)