Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

43- ДАРС

Шоҳ Довуднинг гуноҳи

Шоҳ Довуднинг гуноҳи

Шоулнинг ўлимидан сўнг, Довуд 30 ёшида шоҳ бўлди. У бир неча йил шоҳлик қилгач, жиддий хатога йўл қўйди. Бир куни кечаси у саройининг томидан чиройли аёлни кўриб қолди. Довуд унинг исми Ботшева эканини ва у Уриё исмли жангчининг хотини эканини билиб олди. Довуд Ботшевани саройга олиб келишларини буюрди ва у билан ётди. Ботшева ҳомиладор бўлиб қолди. Довуд қилган ишини яширишга уринди. У лашкарбошига Уриёни жангда олд қаторга қўйишни ва кейин ортга чекиниб уни ёлғиз қолдиришни буюрди. Уриё жангда ҳалок бўлгач, Довуд Ботшевага уйланди.

Яҳова Довуднинг барча ёмон ишларини кўриб турганди. Хўш, У нима қилди? Яҳова пайғамбари Натанни Довуднинг ёнига юборди. Натан унга шундай деди: «Бир бой одамнинг қўйлари кўп экан. Камбағал одамда эса биттагина севимли қўзичоғи бор экан. Бой киши камбағалнинг яккаю ягона қўзичоғини олиб қўйибди». Буни эшитиб Довуднинг қаттиқ жаҳли чиқди ва у: «Бой одам ўлимга лойиқ!» — деди. Натан унга: «Сиз ўша одамсиз!» — деб айтди. Довуд қилган ишидан пушаймон бўлиб, Натанга: «Мен Яҳовага қарши гуноҳ қилдим»,— деди. Бу гуноҳи Довудга ва оиласига кўп азоб келтирди. Яҳова Довудни жазолади, лекин айбини тан олгани ва камтарин бўлгани учун уни тирик қолдирди.

Довуд Яҳовага атаб маъбад қурмоқчи бўлди. Бироқ Яҳова бу ишни бажариш учун Довуднинг ўғли Сулаймонни танлади. Довуд Сулаймон учун керакли нарсаларни тайёрлай бошлади ва шундай деди: «Яҳовага атаб қуриладиган маъбад маҳобатли бўлиши лозим. Сулаймон эса ҳали ёш. Мен керакли нарсаларни тайёрлаб, унга ёрдам бераман». Довуд ўзининг кўп пулини қурилиш учун эҳсон қилди. У усталарни топди, олтин ва кумуш тўплади, Тир билан Сидондан кедр ёғочларини келтирди. Ҳаёти охирлаб қолганида Довуд Сулаймонга маъбаднинг лойиҳасини берди. У ўғлига: «Буларнинг барини сенга чизиб беришим учун Яҳова менга ақл-идрок ато этди. У сенга ҳам ёрдам беради. Қўрқма, жасоратли бўлиб ишни бошла»,— деди.

«Гуноҳларини бекитган муваффақиятга эришмайди, уларни тан олиб, соқит қилганга эса раҳм-шафқат кўрсатилади». (Ҳикматлар 28:13)