Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

44- ДАРС

Яҳовага аталган маъбад

Яҳовага аталган маъбад

Сулаймон Исроил устидан шоҳ бўлгач, Яҳова унга: «Тила тилагингни»,— деб айтди. Сулаймон Унга: «Мен ҳали ёшман ва нима қилишни билмаяпман. Илтимос, Сенинг халқингга ғамхўрлик қилишим учун менга донолик бер»,— деди. Яҳова эса: «Донолик сўраганинг учун сени ер юзидаги энг доно инсонга айлантираман. Сенга бойлик ҳам бераман. Агар Менга қулоқ солсанг умринг узоқ бўлади»,— деб айтди.

Сулаймон маъбадни қура бошлади. Қурилишда у энг яхши олтин, кумуш, ёғоч ва қимматбаҳо тошларни ишлатди. Минглаб маҳоратли эркагу аёллар маъбаднинг қурилишида қатнашди. Етти йил ўтиб, маъбад Яҳовага бағишланиш учун тайёр бўлди. Маъбадда қурбонгоҳ бор эди ва унинг устида кўп қурбонлик келтиришди. Сулаймон қурбонгоҳ қаршисида тиз чўкканча, шундай ибодат қилди: «Эй Яҳова, бу маъбад Сен учун кичиклик қилади ва Сенга лойиқ даражада чиройли эмас. Бироқ илтимос, топинишимиз Сенга маъқул келсин ва ибодатларимизни эшитгин». Маъбад ва Сулаймоннинг ибодати Яҳовага ёқдими? Сулаймон ибодатини тугатиши биланоқ Яҳова осмондан олов туширди ва қурбонгоҳдаги қурбонликларни ёндириб юборди. Шундай қилиб, Яҳова маъбад Унга ёққанини кўрсатди. Исроилликлар буни кўриб жуда хурсанд бўлишди.

Шоҳ Сулаймон донолиги туфайли бутун Исроилда ва олис юртларда машҳур бўлиб кетди. Одамлар муаммоларини ҳал қилиш учун Сулаймондан ёрдам сўраб келишарди. Ҳатто Шава маликаси қийин саволлар бериб, Сулаймонни синаш учун келди. Малика унинг жавобларини эшитганида: «Одамлар сиз ҳақингизда айтганларига ишонмаган эдим. Лекин энди улар айтганидан ҳам донороқ эканингизни кўрдим. Тангрингиз Яҳова сизга барака берибди»,— деди. Исроилликлар яхши яшарди ва ҳамма бахтли эди. Бироқ бу узоққа чўзилмади.

«Қаршингизда турган киши Сулаймондан ҳам донороқдир». (Матто 12:42)