Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

46- ДАРС

Яҳова ҳақ Худо эканини кўрсатади

Яҳова ҳақ Худо эканини кўрсатади

Ўн қабилали Исроил шоҳлигини бошқарган шоҳларнинг аксарияти ёмон эди. Аммо Ахаб уларнинг ҳаммасидан ёвузроқ эди. У Баалга сиғинадиган ёвуз аёлга уйланди. Бу аёлнинг исми Изабел эди. Ахаб билан Изабел дастидан бутун юрт Баалга сажда қила бошлади. Бу ҳам етмаганидек, улар Яҳованинг пайғамбарларини ўлдиришди. Яҳова қандай чора кўрди? У пайғамбари Илёс орқали Ахабга хабар юборди.

Илёс шоҳ Ахабга унинг ёвузлиги дастидан Исроил юртига ёмғир ёғмаслигини айтди. Уч йилдан ошиқ пайт давомида, юртда ҳеч қандай экин ўсмади ва одамлар очликдан азоб чекди. Яҳова Илёсни яна Ахабнинг олдига юборди. Шоҳ унга: «Сен фақат ташвиш келтирасан! Ҳаммасига сен айбдорсан!» — деб айтди. Илёс унга жавобан деди: «Қурғоқчилик бўлаётганига мен айбдор эмасман. Сен Баалга сиғинаётганинг учун шундай бўляпти. Кел, ҳақ Худо ким эканини кўрсатадиган бир синов ўтказайлик. Халқни ва Баалнинг пайғамбарларини Кармил тоғига тўпла».

Одамлар тоққа йиғилди. Илёс уларга шундай деди: «Бир қарорга келинглар. Агар Яҳова ҳақ Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди-ю, Баал ҳақ Худо бўлса, унга эргашинглар. Келинглар, синов ўтказайлик. Баалнинг 450 та пайғамбари қурбонлик тайёрлаб, ўз худосини чақирсин. Мен ҳам қурбонлик ҳозирлаб, Яҳовани чақираман. Кимнинг Худоси олов юбориб жавоб берса, ҳақ Тангри ўша бўлади». Халқ бунга рози бўлди.

Шундай қилиб, Баалнинг пайғамбарлари қурбонликни тайёрлашди. Улар куни билан: «Эй Баал, бизга жавоб бер!» — дея ўз худосини чақиришди. Баал жавоб қайтармагач, Илёс уларнинг устидан кулиб, шундай деди: «Бор овозингиз билан чақиринглар! У ухлаётган бўлса, уни уйғотиш керакдир!» Баалнинг пайғамбарлари кечгача ўз худосини чақиришди. Лекин ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Илёс қурбонгоҳнинг устига қурбонликни қўйиб, устидан сув қуйди. Кейин у шундай дея ибодат қилди: «Эй Яҳова, илтимос, Сен ҳақ Худо эканингни халқ билиб олсин». Яҳова шу заҳотиёқ осмондан олов тушириб, қурбонликни куйдириб юборди. Шунда халқ: «Яҳова ҳақ Худодир!» — дея ҳайқирди. Илёс: «Баалнинг пайғамбарларини ушланглар!» — деди. Ўша куни Баалнинг 450 та пайғамбари ўлдирилди.

Денгиз томонда кичкина булут кўтарилганини кўриб, Илёс Ахабга: «Бўрон яқинлашяпти. Аравангни ҳозирлагин-да, уйингга кет»,— деб айтди. Шу пайт осмонни қора булут қоплади, шамол эсди ва жала қуйиб юборди. Шу тариқа, қурғоқчилик ҳам ўз ниҳоясига етди. Ахаб аравасига миниб, кучи борича ҳайдаб кетди. Аммо Илёс Яҳованинг ёрдами билан аравадан ҳам тезроқ югуриб кетди! Шу билан Илёснинг ташвишлари тугадими? Келинг, бу ҳақда билиб олайлик.

«Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин». (Забур 83:18)