Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

48- ДАРС

Беванинг ўғли тирилади

Беванинг ўғли тирилади

Қурғоқчилик пайтида Яҳова Илёсга: «Зорафат шаҳрига бор. У ердаги бир бева аёл сенга овқат беради»,— деб айтди. Илёс шаҳар дарвозаси олдида бир камбағал бева аёл ўтин териб юрганини кўриб қолди. Пайғамбар ўша аёлдан ичгани сув сўради. Аёл сувга кетаётганида Илёс уни чақириб: «Илтимос, бир бурда нон ҳам олиб келинг»,— деб айтди. Аммо бева аёл: «Берай десам ноним йўқ. Фақат ўзим ва ўғлим учун озгина овқат тайёрлашга етадиган ун билан ёғ бор»,— деди. Илёс аёлга шундай деб айтди: «Менга кулча қилиб олиб келсангиз, ёмғир ёғмагунча кўзадаги ун ҳам, хумчадаги ёғ ҳам тугамайди. Бу Яҳованинг ваъдаси».

Бева аёл уйига бориб, Яҳованинг пайғамбарига нон пишириб берди. Яҳова ваъда берганидай, қурғоқчилик пайтида бева аёл билан ўғлининг дастурхонида доим нон бор эди. Унинг кўзасидаги ун ҳам, хумчасидаги ёғ ҳам тугамади.

Сўнг қўрқинчли бир воқеа юз берди. Бева аёлнинг ўғилчаси қаттиқ касал бўлиб ўлиб қолди. У Илёсга ёлвориб ёрдам сўради. Илёс болани аёлнинг қўлидан олиб, болохонага олиб чиқди. У болани тўшакка ётқизиб қўйди-да, шундай деб ибодат қилди: «Эй, Тангрим Яҳова, ўтинаман, болани ҳаётга қайтар». Нега Яҳованинг бу мўъжизаси ҳайратланарли бўлганини биласизми? Чунки бундан олдин ҳали ҳеч ким тирилмаганди. Боз устига, бу бева аёл билан ўғли исроиллик эмасди.

Шунга қарамай, бола ҳаётга қайтди ва нафас ола бошлади! Илёс бева аёлга: «Қаранг, ўғлингиз тирик!» — деди. Аёл хурсанд бўлиб, Илёсга: «Сиз чиндан ҳам Худонинг одами экансиз. Чунки фақат Яҳованинг сўзларини гапирар экансиз, Унинг айтганлари эса доим амалга ошади»,— деб айтди.

«Қарғаларга эътибор беринглар: улар уруғ ҳам экмайди, ҳосил ҳам йиғмайди. Ҳатто омборлари ҳам йўқ, аммо Тангри уларнинг ризқини беради. Сизлар-чи, қушлардан анча афзалроқ эмасмисиз?» (Луқо 12:24)