Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

49- ДАРС

Ёвуз малика жазоланади

Ёвуз малика жазоланади

Шоҳ Ахаб Йизрилдаги саройида яшарди. Саройнинг деразасидан Навўт исмли кишининг узумзори кўриниб турарди. Ахаб бу узумзорни ўзига олишни истади ва уни Навўтдан сотиб олмоқчи бўлди. Бироқ Навўт узумзорини Ахабга сотишни хоҳламади. Чунки Яҳованинг Қонунига кўра мерос бўлиб қолган ерни сотиш мумкин эмасди. Хўш, Навўт тўғри иш қилганидан Ахаб хурсанд бўлдими? Йўқ. Унинг роса жаҳли чиқди. У шунчалик хафа бўлдики, ҳатто хонасидан чиқишни ва овқат ейишни истамади.

Ахабнинг хотини малика Изабел жуда ёвуз эди. У эрига: «Сиз Исроилнинг шоҳисиз-ку! Истаган нарсани ўзингизга олишингиз мумкин. Ўша ерни мен сизга олиб бераман»,— деди. Изабел шаҳар оқсоқолларига хат ёзди-да, Навўтга Худони лаънатлади деган айб қўйиб, уни тошбўрон қилиб ўлдиришни буюрди. Оқсоқоллар Изабелнинг буйруғини бажаришди ва у Ахабга: «Навўт ўлди. Узумзор энди сизники»,— деб айтди.

Навўт Изабел ўлдирган ягона бегуноҳ одам эмасди. Изабел Яҳовани яхши кўрадиган кўпгина одамларни ўлдирган эди. У бутларга сиғинарди ва бошқа ёмон ишларни қиларди. Яҳова унинг барча ёвуз ишларини кўриб турарди. Энди Худо Изабелни жазолайдими?

Ахабнинг ўлимидан сўнг, унинг ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди. Яҳова Ёҳу исмли кишини Изабел ва унинг оиласини жазолаш учун юборди.

Ёҳу аравасига миниб Йизрилга, Изабел яшайдиган жойга борди. Ёҳурам ўз аравасига миниб, Ёҳуни кутиб олгани чиқди ва ундан: «Тинчликми Ёҳу?» — деб сўради. Ёҳу эса: «Онанг Изабел ёвуз ишлар қилиб юрганида қанақасига тинчлик бўлсин»,— деди. Шунда Ёҳурам аравасини орқага буриб, қочиб кетмоқчи бўлди. Аммо Ёҳу Ёҳурамга камонидан ўқ отди ва у ўлди.

Кейин Ёҳу Изабелнинг саройига борди. Унинг келаётганини эшитиб, Изабел пардоз қилди ва сочларини турмаклади-да, юқори қаватдаги деразадан қараб ўтирди. Ёҳу келганида Изабел унга қўпол гапирди. Ёҳу маликанинг ёнида турган хизматкорларига баланд овозда: «Уни пастга улоқтиринглар!» — деди. Улар Изабелни пастга итариб юборишди ва у ерга қулаб ўлди.

Бундан сўнг Ёҳу Ахабнинг 70 та ўғлини ўлдирди ва юртни Баалга сиғинувчилардан тозалади. Кўряпсизми, Яҳовадан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди ва У ёмонлик қилган одамларни ўз вақтида жазолайди.

«Очкўзлик билан олинган мерос, натижада барака келтирмайди». (Ҳикматлар 20:21)