Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

50- ДАРС

Яҳова Ёҳушафатни ҳимоя қилади

Яҳова Ёҳушафатни ҳимоя қилади

Яҳудо шоҳи Ёҳушафат юртдаги Баалга аталган қурбонгоҳларни ва бутларни йўқ қилди. Ёҳушафат халқ Яҳованинг қонунларини билишини хоҳларди. У бекларни ва левиларни бутун Яҳудо бўйлаб одамларга Яҳованинг қонунларини ўргатиш учун юборди.

Яҳова Ўз халқи билан бирга эканини билишгани учун, яқин атрофдаги халқлар Яҳудога ҳужум қилишдан қўрқишарди. Улар Ёҳушафатга ҳатто совғалар олиб келишарди. Аммо кейин мўабликлар, оммонликлар ва Сеир ҳудудида яшовчилар Яҳудога қарши жанг қилгани келишди. Ёҳушафат Яҳованинг ёрдамига муҳтожлигини биларди. У барча эркаклар, аёллар ва болаларни Қуддусга тўплади. У ҳамманинг олдида ибодат қилиб: «Яҳова, Сенинг ёрдамингсиз ғалаба қозона олмаймиз. Илтимос, бизга нима қилишни айт»,— деди.

Яҳова унинг ибодатига жавобан: «Қўрқманглар. Сизларга Ўзим ёрдам бераман. Ўз ўрнингизни эгаллаб, тик туринг ва сизларни қандай халос этишимни кузатинг»,— деди. Қизиқ, Яҳова уларни қандай қутқарди?

Эртаси куни эрталаб Ёҳушафат қўшиқчиларни танлаб, уларга қўшин олдида боришни айтди. Улар Қуддусдан йўлга чиқиб, Тахува деб аталган жанг майдонига боришди.

Қўшиқчилар баланд овозда ва қувонч ила Яҳовага ҳамду сано айтаётганида, Яҳова Ўз халқи учун жанг қилди. У оммонликлар билан мўабликларни шунчалик саросимага солдики, улар бир-бирини ўлдира бошлашди ва ҳеч ким тирик қолмади. Бироқ Яҳова Яҳудо халқини, уларнинг жангчиларини ва руҳонийларни ҳимоя қилди. Яқин атрофда яшовчи халқлар Яҳова нима қилгани ҳақида эшитишди ва У ҳали ҳам Ўз халқини ҳимоя қилаётганини билиб олишди. Яҳова бугунги кунда Ўз халқини қандай ҳимоя қиляпти? Турли йўллар билан ҳимоя қиляпти ва бунинг учун Яҳова инсонларнинг ёрдамига муҳтож эмас.

«Бу урушда сизлар жанг қилмайсизлар. Ўз ўрнингизни эгаллаб, тик туринг ва Яҳова сизларни қандай халос этишини кузатинг». (2 Солномалар 20:17)