Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

51- ДАРС

Лашкарбоши ва қизча

Лашкарбоши ва қизча

Сурия юртида исроиллик бир қизча яшарди. У ўз уйидан жуда узоқда эди. Сурия қўшини уни оиласидан айириб олиб келган эди. Бу қизча Нўмон исмли лашкарбошининг хотинига хизмат қиларди. Унинг атрофидаги одамлар бундай қилмаса-да, у Яҳовага топинарди.

Нўмон даҳшатли тери касалига чалиниб, қаттиқ азоб чекарди. Исроиллик қизча жудаям унга ёрдам беришни истади. У Нўмоннинг хотинига шундай деди: «Эрингизга ким ёрдам бера олишини биламан. Исроилда Элишай исмли Яҳованинг пайғамбари бор. У эрингизни тузата олади».

Хотини Нўмонга қизчанинг гапларини айтди. Нўмон соғайиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Шу боис Исроилга, Элишайнинг уйига борди. Нўмон Элишай уни ўзгача ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олади, деб ўйлади. Аммо Элишай у билан шахсан гаплашишнинг ўрнига, Нўмонни қарши олгани хизматкорини юборди. Хизматкор унга: «Иордан дарёсига бориб, етти марта чўмилинг. Шунда тузалиб кетасиз»,— деган хабарни айтди.

Нўмон қаттиқ хафа бўлди. У шундай деди: «Пайғамбар Тангрисининг исмини айтиб чақиради ва касалланган жойларимни қўли билан силаб даволайди, деб ўйлагандим. У бўлса Исроилдаги дарёга боришимни айтяпти. Суриядаги дарёларимиз бундан ҳам яхшироқ-ку! Ўша ерга борсам бўлмасмиди?!» Нўмоннинг жаҳли чиқиб, Элишайнинг уйидан кетиб қолди.

Нўмоннинг хизматкорлари унга тўғри фикрлашга ёрдам беришди. Улар Нўмонга: «Соғайиш учун ҳамма нарсага тайёр эмасмидингиз? Ахир пайғамбар сизга осон нарсани айтди-ку! Айтганини бажара қолмайсизми?» — дейишди. Нўмон уларнинг айтганини қилди. У Иордан дарёсига бориб, етти марта шўнғиди. У еттинчи марта шўнғиганида, сувдан бутунлай соғлом бўлиб чиқди. Нўмон жудаям хурсанд бўлганидан, раҳмат айтиш учун Элишайнинг уйига борди. У Элишайга: «Энди билдим, Яҳова ҳақ Худо экан!» — деб айтди. Нима деб ўйлайсиз, Нўмон соғайиб қайтганини кўрган исроиллик қизча нималарни ҳис қилган?

«Сенга болалару чақалоқларнинг оғзи билан мадҳлар айтилди». (Матто 21:16)