Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

52- ДАРС

Яҳованинг оташли қўшини

Яҳованинг оташли қўшини

Сурия шоҳи Банҳадад Исроилга тез-тез ҳужум қилиб турди. Аммо Элишай пайғамбар ҳар сафар Исроил шоҳини огоҳлантиргани учун шоҳ қутулиб қоларди. Шу боис Банҳадад Элишайни тутиб олишга қарор қилди. У Элишай Дўтанда эканидан хабар топиб, уни қўлга олиш учун қўшинини юборди.

Сурия қўшини Дўтанга тунда етиб келди. Эртаси куни эрталаб Элишайнинг хизматчиси ташқарига чиқиб, катта қўшин шаҳарни ўраб олганини кўрди. У қўрқиб кетганидан: «Войдод, хўжайин! Энди нима қиламиз?» — дея ҳайқирди. Элишай унга: «Бизнинг тарафимиздагилар уларникидан кўпроқ»,— деди. Яҳова дарҳол хизматчининг кўзларини очди ва у шаҳар атрофидаги тоғлар оташли жанг аравалару отларга тўлиб кетганини кўрди.

Суриялик аскарлар Элишайни тутиб олмоқчи бўлишди. Шунда у: «Яҳова, илтимос, уларни кўр қилиб қўй»,— деб ибодат қилди. Гарчи аскарларнинг кўзи кўрса-да, улар қаерда эканини тушуна олмай қолишди. Элишай уларга: «Сизлар бошқа шаҳарга келиб қолдингиз. Ортимдан эргашинглар, сизлар излаётган кишининг олдига олиб бораман»,— деб айтди. Улар Элишайга эргашиб, Исроилнинг шоҳи яшайдиган Самария шаҳрига боришди.

Суриялик аскарлар шаҳарга киргандагина қаерга келишганини тушунишди. Исроил шоҳи Элишайдан: «Уларни қириб ташлайми?» — деб сўради. Элишай бу имкониятдан фойдаланиб, унга зарар келтирмоқчи бўлган кишилардан қасос олдими? Йўқ. Элишай шоҳга: «Уларни ўлдирманг. Уларга овқат беринг ва ўз уйларига қайтариб юборинг»,— деди. Шоҳ улар учун катта зиёфат берди, кейин уй-уйига жўнатди.

«Биз шунда аминмизки, Аллоҳга мурожаат қилиб Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади». (1 Юҳанно 5:14)