Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

53- ДАРС

Жасоратли Ёҳайидо

Жасоратли Ёҳайидо

Изабелнинг Оталиё исмли қизи бор эди. У онаси каби ёвуз эди. Оталиё Яҳудо шоҳига турмушга чиққанди. Унинг эри ўлганида, ўрнига ўғли шоҳ бўлди. Ўғли ўлганидан кейин эса Оталиё ўзини Яҳудонинг ҳукмдори деб эълон қилди. Сўнг у бутун шоҳ авлодини қириб ташлашга бел боғлади. Оталиё ўз ўрнига шоҳлик қила оладиган барчани, ҳатто невараларини ҳам ўлдирди. Ҳамма ундан қўрқарди.

Олий руҳоний Ёҳайидо ва унинг хотини Ёҳушева Оталиё шундай ёмон ишлар қилаётганини билишарди. Улар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, Оталиёнинг невараларидан бири бўлган чақалоқ Йўшни яшириб қўйишди. Улар Йўшни маъбадда катта қилишди.

Йўш еттига тўлганида, Ёҳайидо ҳамма юзбоши ва левиларни тўплаб уларга: «Маъбад дарвозаларини қўриқланглар, у ерга ҳеч ким кирмасин»,— деди. Кейин Ёҳайидо Йўшни Яҳудонинг шоҳи деб эълон қилди ва бошига тож кийдирди. Яҳудо халқи эса: «Шоҳ ҳазратларининг умрлари узоқ бўлсин!» — деб ҳайқирди.

Малика Оталиё халқнинг ҳайқириғини эшитиб, маъбадга югуриб келди. У янги тайинланган шоҳни кўриб: «Хоинлик! Хоинлик!» — деб бақирди. Юзбошилар ёвуз маликани маҳкам ушлаб ташқарига олиб чиқишди-да, ўлдиришди. Бироқ у қилган ёмон ишларнинг оқибатини тузатиш мумкинми?

Ёҳайидо халқ Яҳова билан аҳд қилишига ёрдамлашди. Яъни халқ фақат Яҳовага топинамиз, деб ваъда берди. Ёҳайидо халқни Баалнинг ибодатхонасини бузиб ташлашга ва бутларни парча-парча қилишга ундади. У руҳонийлар ва левиларни маъбадда хизмат қилиш учун тайинлади. Энди халқ яна у ерда Яҳовага топина олади. Маъбадга Яҳованинг назарида нопок бўлган ҳеч ким кирмаслиги учун Ёҳайидо дарвозабонларни тайинлади. Кейин у ва юзбошилар Йўшни саройга олиб боришди ва тахтга ўтқазишди. Яҳудо халқи бундан роса хурсанд бўлди. Ниҳоят улар ёвуз Оталиёдан ва сохта худо Баалдан қутулиб, Яҳовага бемалол хизмат қила олишди. Ёҳайидонинг жасорати кўп одамларга қандай ёрдам берганини кўрдингизми?

«Сизларни ўлдиришга қурби етадиган, аммо келажакдаги ҳаётдан маҳрум эта олмайдиган одамлардан қўрқманглар. Аксинча, сизларни жаҳаннамда йўқ қилиб юборишга қодир бўлган Зотдан қўрқинглар». (Матто 10:28)