Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

56- ДАРС

Йўшиё Худонинг Қонунини яхши кўрарди

Йўшиё Худонинг Қонунини яхши кўрарди

Йўшиё саккиз ёшида Яҳудонинг шоҳи бўлди. Ўша пайтларда халқ сеҳр-жоду билан шуғулланар ва бутларга сиғинарди. 16 ёшида Йўшиё қай йўсин Яҳовага тўғри топиниш мумкинлигини билишга интилди. 20 ёшида эса юрт бўйлаб барча бутларни ва уларнинг қурбонгоҳларини йўқ қила бошлади. 26 ёшга тўлганида Йўшиё Яҳованинг маъбадини таъмирлаш ҳақида буйруқ берди.

Олий руҳоний Хилқиё маъбаддан Яҳованинг Қонуни ёзилган ўрама битикни топиб олди. Эҳтимол, бу битикни Мусо пайғамбар ёзган. Котиб Шофон битикни Йўшиёга олиб келди ва уни овоз чиқариб ўқий бошлади. Ўқилганларни эшитиб, Йўшиё халқ кўп йиллардан бери Яҳованинг айтганларини қилмаётганини тушунди. Шоҳ Йўшиё Хилқиёга: «Яҳованинг биздан роса жаҳли чиққан. Бориб У билан гаплаш. Яҳова энди нима қилишимиз кераклигини айтсин»,— деди. Яҳова Хулда исмли пайғамбар аёл орқали шундай деб жавоб берди: «Яҳудо халқи Мени тарк этгани учун уларни жазолайман. Бироқ буни шоҳ Йўшиёнинг ҳаёти давомида қилмайман, чунки у ўзини камтарин тутди».

Бу хабарни эшитгач, шоҳ Йўшиё маъбадга борди ва бутун Яҳудо халқини у ерга чақирди. Кейин у баланд овозда халққа Яҳованинг Қонунини ўқиб берди. Йўшиё билан халқ Яҳовага чин қалбдан қулоқ солишга ваъда беришди.

Яҳудо халқи кўп йиллардан буён Фисиҳ байрамини нишонламай қўйган эди. Йўшиё Фисиҳ байрами ҳар йили нишонланиши кераклиги ҳақидаги қонунни ўқигач, халққа: «Яҳовага атаб Фисиҳ байрамини нишонлаймиз»,— деб айтди. Сўнг Йўшиё кўп қурбонликлар келтирди ва маъбадда қўшиқчилар гуруҳларини жой-жойига турғизди. Халқ аввалига Фисиҳ байрамини нишонлади, кейин эса етти кун давом этадиган Хамиртурушсиз нон байрамини ўтказди. Шомуил пайғамбар давридан бери Фисиҳ байрами бундай нишонланмаган эди. Йўшиё Худонинг Қонунини жуда яхши кўрарди. Сиз ҳам Яҳова ҳақида билим олишни ёқтирасизми?

«Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир, йўлимни ёритадиган нурдир». (Забур 119:105)