Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

57- ДАРС

Яҳова Еремиёни ваъз қилишга жўнатади

Яҳова Еремиёни ваъз қилишга жўнатади

Яҳова Еремиёни Яҳудо халқи учун пайғамбар этиб тайинлади. Худо унга халққа ваъз қилиб, ёмон йўлидан қайтиши учун уларни огоҳлантиришни буюрди. Бироқ Еремиё Худога: «Мен жуда ёшман-ку! Халққа қандай гапиришни билмайман»,— деди. Яҳова эса унга: «Қўрқма. Нима дейиш кераклигини сенга Ўзим айтаман, сенга ёрдам бераман»,— деб айтди.

Яҳова Еремиёга халқнинг барча оқсоқолларини йиғиб, уларнинг қаршисида сопол кўзани синдиришни ва шундай дейишни буюрди: «Қуддус ҳам худди шундай парча-парча қилинади». Еремиё Яҳованинг айтганларини бажарганида оқсоқолларнинг роса жаҳли чиқиб кетди. Пашхур исмли руҳоний Еремиёни урди ва кундалаб қўйди. Еремиё туни бўйи қимирлай олмади. Эртаси куни эрталаб Пашхур уни қўйиб юборди. Еремиё: «Бўлди, бошқа чидай олмайман. Энди ваъз қилмайман»,— деди. У чиндан ҳам таслим бўлдими? Йўқ, асло. Бу ҳақда бироз ўйлаб кўргач, у шундай деди: «Яҳованинг хабари юрагимда ёнган оловдай. Ваъз қилишни тўхтата олмайман». Шу йўсин Еремиё одамларни огоҳлантиришда давом этди.

Орадан йиллар ўтиб Яҳудода янги шоҳ тахтга ўтирди. Руҳонийларга ва сохта пайғамбарларга Еремиёнинг хабари ёқмасди. Улар бекларга: «Бу кишини ўлдириш керак»,— дейишди. Еремиё эса: «Агар мени ўлдирсангиз, бегуноҳ одамни ўлдирган бўласизлар. Мен ўзимнинг эмас, Яҳованинг сўзларини айтяпман»,— деди. Беклар буни эшитганида: «Бу одам ўлимга лойиқ эмас»,— деб айтишди.

Еремиё ваъз қилаверди, бу эса бекларнинг жаҳлини чиқарди. Улар шоҳдан Еремиёни ўлдиришни сўрашди. Шоҳ бекларга Еремиё билан истаганини қилишга рухсат берди. Улар Еремиёни қудуққа ташлашди. У ерда фақат балчиқ бор эди. Беклар Еремиё ўша ерда ўлиб кетади, деб ўйлашди. Еремиё балчиққа бота бошлади.

Бу пайт Обидмалек исмли сарой амалдори шоҳга: «Беклар Еремиёни қудуққа ташлашибди. Уни ўша ерда қолдирсак, ўлиб қолади!» — деди. Шоҳ Обидмалекка 30 та кишини ўзи билан олиб, Еремиёни қудуқдан чиқариб олишни буюрди. Еремиё нима бўлса ҳам ваъз қилишни тўхтатмади. Келинг, биз ҳам унга тақлид қилайлик!

«Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Фақат охиригача чидаган қутулади». (Матто 10:22)