Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

58- ДАРС

Қуддус вайрон қилинади

Қуддус вайрон қилинади

Яҳудо халқи кўп маротаба Яҳовани қолдириб, сохта худоларга сиғинди. Яҳова анча йиллар давомида уларга ёрдам беришга ҳаракат қилди. У халқини огоҳлантириш учун пайғамбарларини юборди, аммо улар қулоқ солмади. Аксинча улар пайғамбарларни мазах қилишарди. Қандай қилиб Яҳова бутпарастликка чек қўйди?

Бобил шоҳи Навуходоносор халқларни бирма-бир мағлуб қилди. Биринчи марта Қуддусни забт этганида, у шоҳ Ёҳайихин, беклар, жангчилар ва ҳунармандларни Бобилга асир қилиб олиб кетди. Шунингдек, у Яҳованинг маъбадидаги бутун хазинани қўлга киритди ва Зидқиёни Яҳудо шоҳи этиб тайинлади.

Бошида Зидқиё Навуходоносорга бўйсунди. Аммо қўшни халқлар ва сохта пайғамбарлар унга Бобилга қарши исён кўтаришни маслаҳат беришди. Еремиё Зидқиёни: «Агар исён кўтарсангиз, Яҳудода ўлим, очарчилик ва касаллик бўлади»,— деб огоҳлантирди.

Бошқарувининг саккизинчи йили Зидқиё Бобилга қарши бош кўтарди. У Миср қўшинидан ёрдам сўради. Сўнг Навуходоносор Қуддусга ҳужум қилиш учун қўшин юборди ва улар шаҳар атрофида қароргоҳ қурди. Еремиё Зидқиёга: «Агар Бобилга таслим бўлсангиз, сиз ва шаҳар аҳолиси омон қоласизлар. Аммо таслим бўлмасангиз, бобилликлар Қуддусга ўт қўйиб, сизни асир қилиб олиб кетишади»,— деб айтди. Зидқиё эса: «Йўқ, таслим бўлмайман!» — деди.

Бир ярим йилдан сўнг, Бобил қўшини Қуддус деворини ёриб, шаҳарга кирди ва унга ўт қўйди. Улар маъбадга ҳам ўт қўйиб, кўпчиликни ўлдиришди ва минглаб одамларни асир қилиб олиб кетишди.

Зидқиё Қуддусдан қочиб кетди, лекин бобилликлар унинг орқасидан қувишди. Улар уни Ерихо яқинида тутиб, Навуходоносорнинг олдига олиб келишди. У Зидқиёнинг кўз ўнгида унинг ўғилларини ўлдирди. Кейин Зидқиёнинг кўзларини ўйиб олиб, уни зиндонга ташлади. Ўша ерда у ўлди. Бироқ Яҳова Яҳудо халқига: «70 йилдан кейин сизларни уйингизга, Қуддусга қайтариб олиб келаман»,— деб ваъда берди.

Бобилга олиб кетилган ёшлар билан нима бўлди? Улар Яҳовага садоқатли қолишдими?

«Қодир Тангримиз Яҳова, Сенинг ҳукмларинг тўғри ва адолатлидир». (Ваҳий 16:7)