Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

61- ДАРС

Улар ҳайкалга сажда қилишмади

Улар ҳайкалга сажда қилишмади

Шоҳ Навуходоносор ҳайкал ҳақида туш кўрганидан бир мунча вақт ўтиб, улкан олтин ҳайкал ясади. У ҳайкални Дурах текислигида ўрнатди. Сўнг юртнинг энг обрўли кишиларини, жумладан, Шадрах, Мешах ва Абеднахуни ҳам чақиртириб, ҳайкал олдига йиғди. Шоҳ шундай буйруқ берди: «Бурғу, арфа ва най товушини эшитишингиз биланоқ ҳайкалга сажда қилинг! Кимки сажда қилмаса, ёниб турган печга ташланади». Хўш, учта иброний йигит ҳайкалга сажда қиладими ёки фақат Яҳовага топинадими?

Шоҳ Навуходоносор мусиқа чалинишини буюрди. Шадрах, Мешах ва Абеднахудан ташқари барча тиз чўкиб, ҳайкалга сажда қилди. Айрим кишилар буни пайқаб қолишди ва шоҳга: «Манави учта иброний сиз ўрнатган ҳайкалга сажда қилмаяпти»,— деб айтишди. Навуходоносор уларни чақиртириб, шундай деди: «Ҳайкалга сажда қилишингиз учун сизларга яна бир имконият бераман. Агар айтганимни қилмасангиз, сизларни печга ташлайман. Ҳеч бир худо сизларни мендан қутқара олмайди». Улар эса шундай дейишди: «Бизга яна бир имконнинг кераги йўқ. Худойимиз бизни қутқара олади. Борди-ю, У бизни қутқармаса ҳам, эй, шоҳ ҳазратлари биз ҳайкалга сажда қилмаймиз».

Навуходоносор бундан қаттиқ ғазабланди. У одамларига: «Печни одатдагидан етти баробар қаттиқроқ қиздиринглар!» — деди. Кейин аскарларига: «Мана бу кишиларни боғлаб, печга ташланглар!» — деб буюрди. Печ шу қадар қаттиқ қиздирилган эдики, унга яқинлашган кишилар ўша заҳотиёқ ўлди. Учта иброний йигит эса ёниб турган печ ичига қулаб тушди. Шоҳ печнинг ичига қараганида, у ерда учта эмас, тўртта одам юрганини кўрди. У қўрқиб кетиб, амалдорларига шундай деди: «Биз оловга учта кишини ташламаганмидик? Олов ичида тўрт киши юрибди-ку. Улардан бири худди фариштага ўхшайди-я!»

Кейин Навуходоносор печга яқинроқ бориб: «Эй, Аллоҳ Таолонинг хизматкорлари, бу ёққа чиқинглар!» — деди. Ўша ердаги одамлар Шадрах, Мешах ва Абеднаху оловдан соғ-саломат чиққанини кўриб, ҳайрон қолишди. Уларнинг танаси, сочлари ва кийимлари куймаганди, улардан ҳатто олов ҳиди ҳам келмаётган эди.

Навуходоносор шундай деди: «Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худоси буюкдир. У Ўз фариштасини юбориб уларни қутқарди. Уларнинг Худосига ўхшаган худо йўқ».

Иброний йигитлар сингари сиз ҳам нима бўлишидан қатъи назар Яҳовага садоқатли қоласизми?

«Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт». (Матто 4:10)