Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

62- ДАРС

Улкан дарахт ҳақидаги туш

Улкан дарахт ҳақидаги туш

Бир куни кечаси шоҳ Навуходоносор қўрқинчли туш кўрди. Тушининг маъносини айтиб беришлари учун донишмандларни чақиртирди. Лекин улардан ҳеч бири тушни тушунтириб бера олмади. Охири шоҳ Дониёрни чақиртирди.

Навуходоносор Дониёрга шундай деди: «Тушимда бир дарахт кўрдим. У шунчалик баланд бўлиб ўсдики, учи осмонга етди. У ернинг турли чеккаларидан кўриниб турарди. Барглари чиройли, мевалари эса жуда кўп эди. Ҳайвонлар унинг соясида дам олар, қушлар шохларида ин қурарди. Сўнг осмондан бир фаришта тушди. У баланд овозда қуйидагича деди: “Дарахтни чопиб, шохларини кесиб ташланглар. Аммо тўнкаси билан илдизига тегмай, темир ва мис билан боғлаб қўйинглар. Дарахтдан одам юраги олиниб, ҳайвон юраги берилсин ва у етти давр давомида шу ҳолатда қолсин. Шунда барча одамлар Аллоҳ Ҳукмдор эканини ва ҳокимиятни истаган кишига беришини билиб олади”».

Яҳова Дониёрга тушнинг маъносини аён қилди. Дониёр унинг маъносини англаб, қўрқиб кетди. У шоҳга шундай деди: «Эй, шоҳ ҳазратлари, бу туш душманларингиз ҳақида бўлишини истардим, аммо у сиз ҳақингизда. Чопиб ташланган улкан дарахт сизсиз. Сиз шоҳликдан айриласиз ва ёввойи ҳайвонлардай далада ўт-ўлан ейсиз. Бироқ фаришта дарахтнинг тўнкаси билан илдизи қолдирилиши ҳақида айтгани учун, сиз қайтадан шоҳ бўласиз».

Орадан бир йил ўтгач, Навуходоносор саройининг томидан Бобилни завқ билан томоша қилаётган эди. У: «Мен қурган маҳобатли шаҳарга қаранг. Мен қанчалик буюк инсонман-а!?» — деди. У ҳали гапириб турган пайтда осмондан бир овоз: «Навуходоносор! Шоҳлик сендан олиб қўйилди»,— деб айтди.

Ўша заҳоти Навуходоносор эс-ҳушидан айрилиб, ёввойи ҳайвондай бўлиб қолди. У саройдан ҳайдалди ва даштда ёввойи ҳайвонлар билан яшай бошлади. Навуходоносорнинг сочи бургут патларидай узун бўлди, тирноқлари эса қушнинг тирноқларидай ўсиб кетди.

Етти йилдан кейин Навуходоносорнинг эс-ҳуши ўзига қайтди ва Яҳова уни яна Бобил устидан шоҳ қилиб қўйди. Навуходоносор: «Мен самовий Шоҳга ҳамду санолар айтаман. Чунки Яҳова Ҳукмдор эканини билиб олдим. У мағрур кишиларни пасайтириб, шоҳликни истаган кишига беради»,— деди..

«Мағрурлик — ҳалокатга, такаббурлик — қулашга олиб келади». (Ҳикматлар 16:18)