Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

66- ДАРС

Эзра халққа Худонинг Қонунини ўргатади

Эзра халққа Худонинг Қонунини ўргатади

Кўп исроилликлар Қуддусга қайтганига тахминан 70 йил бўлди. Аммо баъзи исроилликлар ҳанузгача Форс империясининг турли жойларида яшарди. Улардан бири руҳоний Эзра эди. У одамларга Яҳованинг Қонунини ўргатарди. Эзра Қуддус аҳолиси Тавротга амал қилмаётганидан хабар топди ва уларга ёрдам бериш учун у ерга бормоқчи бўлди. Форс шоҳи Артаксеркс унга: «Худо сенга донолик бергани учун сен Унинг Қонунини одамларга ўргата оласан. Қуддусга бор, сен билан боришни хоҳлаганларни ҳам олиб кет»,— деди. Эзра Қуддусга қайтишни истайдиган барча кишилар билан учрашди. Улар биргаликда Яҳовага ибодат қилиб, йўлда уларни хавф-хатардан ҳимоялашини сўрашди ва жўнаб кетишди.

Орадан тўрт ой ўтиб, улар Қуддусга етиб келишди. У ердаги беклар Эзрага: «Исроилликлар Яҳовага қулоқ солмай, сохта худоларга сиғинадиган аёлларга уйланишяпти»,— дейишди. Эзра нима қилди? У халқнинг кўз ўнгида тиз чўкиб, шундай деб ибодат қилди: «Яҳова, Сен бизга жуда кўп яхшилик қилдинг, биз бўлса Сенга қарши гуноҳ қилдик». Халқ тавба қилди, аммо тўғри ишларни қилиш учун уларга ёрдам керак эди. Бу масала билан шуғулланишлари учун Эзра оқсоқол ва ҳакамларни тайинлади. Уч ойдан сўнг, Яҳовага топинмайдиган кишилар кетказиб юборилди.

Орадан 12 йил ўтди. Бу вақт ичида Қуддус деворлари қайта тикланди. Эзра Худонинг Қонунини ўқиб бериш учун халқни шаҳар майдонига йиғди. Эзра китобни очганида халқ ўрнидан турди. У Яҳовага ҳамду сано айтди ва одамлар розилик белгиси сифатида қўлларини кўтаришди. Кейин Эзра Тавротни ўқиб тушунтириб берди, халқ эса уни диққат билан тинглади. Улар Яҳовадан яна узоқлашиб кетганини тан олиб йиғлашди. Эртаси куни Эзра уларга Тавротдан яна ўқиб берди. Улар яқинда Чайлалар байрамини нишонлаш кераклигини билиб олишди. Шу заҳоти улар бу байрамга тайёргарлик кўра бошлашди.

Байрам етти кун давом этди. Халқ қувониб, мўл-кўл ҳосил олгани учун Яҳовага раҳмат айтди. Бу байрам Ёшуа давридан буён бундай тарзда нишонланмаган эди. Байрам тугаганидан кейин халқ йиғилиб, қуйидагича ибодат қилди: «Яҳова, Сен бизни қулликдан озод этдинг, саҳрода ризқ-рўзимизни етказдинг ва бизга мана шу гўзал юртни бердинг. Аммо биз Сенга қайта-қайта итоатсизлик қилдик. Бизни огоҳлантириш учун пайғамбарларни юбординг, лекин биз уларга қулоқ солмадик. Шунга қарамай, Сен сабр қилиб келдинг. Иброҳимга берган ваъданг устидан чиқдинг. Энди биз ҳам Сенга қулоқ солишга ваъда берамиз». Улар берган ваъдасини ёзишди ва унга беклар, левилар ҳамда руҳонийлар ўз муҳрини босишди.

«Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:28)