Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

68- ДАРС

Элисабет ўғил кўради

Элисабет ўғил кўради

Қуддус деворлари қайта қурилганидан 400 йилдан ошиқ вақт ўтди. Қуддус шаҳри яқинида Закариё исмли бир руҳоний хотини Элисабет билан яшарди. Улар турмуш қурганига кўп йил бўлганига қарамай, фарзандлари йўқ эди. Бир куни Закариё маъбадда тутатқи тутатаётганида унга фаришта Жаброил кўринди. Закариё қўрқиб кетди, Жаброил эса унга: «Қўрқма. Сенга Яҳовадан яхши хабар келтирдим. Хотининг Элисабет ўғил туғади ва унинг исми Яҳё бўлади. Яҳова уни ўзгача хизмат учун танлади»,— деб айтди. Закариё фариштага: «Бунга қандай ишонай? Ахир ўзим ҳам, хотиним ҳам қариб қолган бўлсак»,— деди. Жаброил Закариёга: «Бу хабарни сенга айтишим учун мени Худо юборди. Бироқ менга ишонмаганинг учун, бола туғилмагунича гапиролмайдиган бўлиб қоласан»,— деб айтди.

Закариё маъбадда одатдагидан кўпроқ қолиб кетди. У маъбаддан чиққанида эса, ташқарида турган одамлар нима юз берганини билмоқчи бўлишди. Закариё гапира олмади. У фақатгина қўллари билан имо-ишора қилди. Шунда одамлар Закариёга Худодан хабар келганини тушуниб етишди.

Вақт ўтиб, Элисабет ҳомиладор бўлди ва фаришта айтганидай ўғил кўрди. Унинг дўстлари ва қариндошлари чақалоқни кўргани келишди. Улар Элисабет учун роса хурсанд бўлишди. Элисабет: «Чақалоқнинг исмини Яҳё қўямиз»,— деди. Улар эса: «Ахир, қариндошларингиз орасида бундай исмли киши йўқ-ку. Унга отасиники каби Закариё деб исм қўйинг»,— дейишди. Аммо Закариё бир тахтачага: «Унинг исми Яҳё бўлади»,— деб ёзди. Ўша заҳоти Закариё яна гапира бошлади! Чақалоқ ҳақидаги хабар бутун Яҳудияга ёйилди ва одамлар: «Катта бўлганида бу бола ким бўлар экан?» — деб қизиқишарди.

Сўнг Закариё муқаддас руҳга тўлиб, шундай башорат қилди: «Яҳовага ҳамду санолар бўлсин! У бизни қутқариш учун Масиҳни юборишни Иброҳимга ваъда қилган эди. Яҳё эса пайғамбар бўлади ва Масиҳ учун йўл тайёрлайди».

Элисабетнинг қариндоши Марям билан ҳам ўзгача бир воқеа юз берди. Келинг, бу ҳақида кейинги дарсдан билиб оламиз.

«Бу, одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ». (Матто 19:26)