Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

69- ДАРС

Жаброил Марямнинг олдига келади

Жаброил Марямнинг олдига келади

Элисабетнинг Марям исмли қариндоши бор эди. У Жалиланинг Носира шаҳрида яшарди. Марям Юсуф исмли дурадгорга унаштирилган эди. Элисабетнинг ҳомиладорлигига олти ой бўлгач, Марямнинг олдига фаришта Жаброил келди. У: «Салом, Марям! Сен Яҳованинг илтифотига сазовор бўлдинг»,— деди. Марям Жаброил нима демоқчи эканини тушунмади. Шунда фаришта унга: «Сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан ва исмини Исо қўясан. У Шоҳ бўлади ва Шоҳлигининг чеки бўлмайди»,— деб айтди.

Марям: «Ҳали турмушга чиқмаган бўлсам, қанақасига фарзандли бўлишим мумкин?» — деб сўради. Жаброил: «Яҳова учун иложсиз нарса йўқ. Муқаддас руҳ устингга тушади ва сен ўғил туғасан. Ана, қариндошинг Элисабет ҳам қарилигида ҳомиладор бўлди»,— деб жавоб берди. Кейин Марям унга: «Мен Яҳованинг бандасиман! Илоё айтганингиз келсин»,— деди.

Марям Элисабетни кўришга борди. Элисабет тоғли ҳудудда жойлашган шаҳарда яшарди. Марям у билан саломлашганида, Элисабетнинг қорнидаги боласи қимирлаб кетди. У муқаддас руҳга тўлиб шундай деди: «Марям, Яҳова сенга барака берди. Ҳазратимнинг онаси олдимга келгани мен учун катта шараф!» Марям эса: «Бутун қалбим билан Яҳовани улуғлайман»,— деди. У Элисабетникида уч ой турди. Сўнг уйига, Носирага қайтиб кетди.

Марям ҳомиладор эканини эшитганида Юсуф унаштирувни бекор қилмоқчи бўлди. Бироқ фаришта унинг тушига кириб: «Марямга уйланишдан қўрқма. У ҳеч қандай ёмон иш қилгани йўқ»,— деди. Шундай қилиб, Юсуф Марямга уйланди ва уни уйига олиб келди.

«Еру осмонда... Яҳова Ўзига маъқул бўлган ишни қилади». (Забур 135:6)