Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

70- ДАРС

Фаришталар Исонинг туғилганини эълон қилади

Фаришталар Исонинг туғилганини эълон қилади

Рим империясининг подшоҳи Август бир фармон чиқарди. Унга кўра барча яҳудийлар она шаҳрига бориб рўйхатдан ўтиши керак эди. Юсуфнинг отаси байтлаҳмлик бўлгани учун, у Марямни олиб ўша ерга жўнади. Марямнинг туғишига оз вақт қолганди.

Улар Байтлаҳмга етиб келгач, тунаш учун оғилхонадан бошқа жой топа олишмади. Ўша ерда Марям Исони туғди. У чақалоқни юмшоқ матога ўради-да, авайлаб охурга ётқизди.

Ўша пайтда Байтлаҳм яқинида чўпонлар сурувларини қўриқлаб, ташқарида тунаб қолишганди. Тўсатдан уларнинг олдида фаришта пайдо бўлиб, Яҳованинг улуғворлигидан уларнинг атрофини ярқиратиб юборди. Чўпонлар бундан қўрқиб кетишди. Аммо фаришта уларга шундай деди: «Қўрқманглар! Мен қувонч бахш этадиган хабар келтирдим. Бугун Байтлаҳмда Масиҳ туғилди». Бирдан осмонда кўп фаришталар пайдо бўлиб: «Самодаги Худога шон-шарафлар ёғилсин! Ер юзида эса тинчлик бўлсин!» — деб ҳайқиришди. Сўнг фаришталар кўздан ғойиб бўлди. Шунда чўпонлар нима қилди?

Чўпонлар бир-бирига: «Юринглар, тезроқ Байтлаҳмга борайлик»,— деди. Улар дарҳол йўлга чиқишди ва у ерга келиб, Марям билан Юсуфни ва охурда ётган чақалоқни топишди.

Фаришта чўпонларга айтган хабарни эшитганларнинг ҳаммаси ҳайрон қолди. Марям фариштанинг сўзлари ҳақида ўйлаб юрди ва буни ҳеч қачон унутмади. Чўпонлар эса кўрган ва эшитган барча нарсалар учун Яҳовага раҳматлар айтиб, сурувларининг олдига қайтиб кетишди.

«Мени Аллоҳ юборган ва мен бу ердаман. Мен ўз хоҳишимча келганим йўқ, У мени юборди». (Юҳанно 8:42)