Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

73- ДАРС

Яҳё Масиҳга йўл тайёрлайди

Яҳё Масиҳга йўл тайёрлайди

Закариё ва Элисабетнинг ўғли Яҳё улғайганида пайғамбар бўлди. Масиҳ келиши ҳақида таълим бериши учун Яҳова Яҳёни танлаган эди. Яҳё одамларга ибодатхоналар ёки шаҳарларда эмас, саҳрода ваъз қиларди. Одамлар ундан таълим олиш учун Қуддус ва бутун Яҳудиядан келарди. У одамларга Худони рози қилиш учун ёмон ишларни қилмаслик кераклигини ўргатарди. Унинг гапларини эшитган кўп одамлар гуноҳини тан олиб, тавба қилди ва Яҳё уларни Иордан дарёсида сувга чўмдирди.

Яҳё оддий ҳаёт кечирарди. У туя жунидан кийим кийиб юрарди, егулиги эса чигиртка ва ёввойи асал эди. Одамлар унинг кимлигини билишни истарди. Ҳатто мағрур фарзийлар билан саддуқийлар ҳам уни кўришга келишди. Яҳё уларга шундай деди: «Ёмон йўлингиздан қайтиб, тавба қилинглар. Иброҳимнинг авлоди бўлганингиз учун ўзингизни ўзгача деб ҳисобламанглар. Унинг авлоди бўлганингиз билан Худонинг фарзандлари бўлиб қолмайсизлар».

Кўп одамлар Яҳёнинг олдига келиб: «Худони рози қилиш учун нима қилишимиз керак?» — деб сўради. Яҳё уларга: «Агар кийимингиз иккита бўлса, биттасини муҳтожликда яшаётган кишига беринг»,— деди. У нега бундай деганини биласизми? Яҳё Худонинг розилигини олиш учун бошқаларни яхши кўриш муҳим эканини одамларга тушунтирмоқчи эди.

У солиқчиларга: «Ҳалол бўлинглар, ҳеч кимни алдаманглар»,— деб айтди. Аскарларга бўлса: «Пора олманглар ва ёлғон гапирманглар»,— деди.

Руҳонийлар ва левилар ҳам Яҳёнинг олдига келиб: «Сен кимсан? Ҳамма ким эканингни билишни истаяпти»,— дейишди. Яҳё жавобан: «Мен Ишаё пайғамбар башорат қилганидай, одамларни Яҳовага етакловчи саҳродаги садоман»,— деди.

Одамларга Яҳёнинг ўргатаётган нарсалари жуда ёқарди. Кўпчилик «У Масиҳ эмасмикин?» деб ўйларди. Аммо Яҳё уларга шундай деди: «Мендан ҳам буюкроқ инсон келяпти! Мен унинг сандалларининг боғичини ечишга ҳам арзимайман. Мен одамларни сувга чўмдиряпман, лекин у муқаддас руҳга чўмдиради».

«У шоҳид сифатида нур ҳақида шоҳидлик қилиш учун келди, токи у орқали турли одамлар ишонч ҳосил қилишсин». (Юҳанно 1:7)