Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

78- ДАРС

Исо Шоҳлик ҳақида ваъз қилади

Исо Шоҳлик ҳақида ваъз қилади

Сувга чўмганидан кўп ўтмай, Исо: «Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— деб ваъз қила бошлади. У Жалила ва Яҳудия бўйлаб ваъз қилиб юрганида шогирдлари унга эргашишди. Исо она шаҳри Носирага қайтганида ибодатхонага кирди ва Ишаё пайғамбарнинг ўрама битигини очди. У овоз чиқариб: «Хушхабарни ваъз қилишим учун Яҳова менга муқаддас руҳини берди»,— деган сўзларни ўқиди. Бу сўзлар нимани англатади? Одамлар Исонинг мўъжизаларини кўришни исташарди. Аммо муқаддас руҳ унга энг аввало хушхабарни ваъз қилиши учун берилганди. Кейин Исо уни тинглаётганларга: «Бугун бу башорат амалга ошди»,— деди.

Бундан кейин Исо Жалила денгизига борди ва ўша ерда тўртта балиқчини учратди. Кейинчалик улар унинг шогирдлари бўлишди. Исо уларни: «Менинг ортимдан юринглар, мен сизларни одам овчилари қиламан»,— деб чақирди. Уларнинг исмлари Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳанно эди. Бу кишилар ўша заҳоти балиқ овлаш ишини ташлаб, унга эргашишди. Сўнг бутун Жалила бўйлаб Яҳованинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб юришди. Улар ибодатхоналарда, бозор майдонларида ва кўчаларда ваъз қилишарди. Қаерга боришмасин, уларнинг ортидан улкан оломон эргашиб юрарди. Исо ҳақидаги хабар ҳамма жойга, ҳатто Суриягача ёйилди.

Вақт ўтиб Исо айрим издошларига одамларни соғайтириш ва жинларни қувиб чиқариш қудратини берди. Бошқалари эса у билан шаҳарма-шаҳар ва қишлоқма-қишлоқ ваъз қилишга боришди. Бир қанча садоқатли аёллар Исога ва унинг издошларига ғамхўрлик қилишарди. Улар орасида магдалалик Марям, Йўанна ва Сусанна ҳам бор эди.

Шогирдларига таълим бергач, Исо уларни ваъз қилишга жўнатди. Улар Жалила бўйлаб юришганида кўп одамлар Исонинг шогирди бўлди ва сувга чўмди. Бундай одамлар шунчалик кўп эдики, Исо уларни ўрим-йиғимга тайёр далага ўхшатди. У: «Ҳосилни йиғиш учун кўпроқ ишчиларни юборсин деб, Яҳовага илтижо қилинглар»,— деди. Кейинроқ Исо 70 та шогирдини танлаб, уларни иккита-иккитадан бутун Яҳудия бўйлаб ваъз қилишга юборди. Улар ҳар хил одамларга Шоҳлик ҳақида таълим беришди. Қайтиб келишганида эса хизматда нималар юз берганини Исога айтишга ошиқишди. Қанчалик уринмасин, Шайтон ваъзгўйлик ишини сира тўхтата олмади.

Исо осмонга қайтганидан кейин ҳам шогирдлари ушбу муҳим ишни давом эттиришига амин эди. У шогирдларига: «Бутун дунё бўйлаб хушхабарни ваъз қилинглар. Одамларга Худонинг Каломи ҳақида таълим бериб, уларни сувга чўмдиринглар»,— деди.

«Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман». (Луқо 4:43)