Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

79- ДАРС

Исо кўп мўъжизалар яратади

Исо кўп мўъжизалар яратади

Исо ер юзига Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш учун келган эди. Яҳова Исога мўъжизалар яратиши учун муқаддас руҳини берганди. Бу туфайли у Шоҳ бўлганида нималар қилишини одамлар билиб оларди. У ҳар қандай касалликни даволай оларди. Қаерга бормасин, касал одамлар Исодан ёрдам сўраб келишарди ва у уларнинг ҳаммасига шифо берарди. Кўрларнинг кўзлари очиларди, карлар эшита бошларди, шол бўлган кишилар юриб кетарди ва жинга чалинганлар озод бўларди. Касаллар ҳатто Исонинг кийими этагига қўл теккизиб, шифо топарди. У қаерга бормасин, одамлар унга эргашарди. У ёлғиз қолишни истаган пайтда ҳам ёнига келган одамларни ҳайдаб юбормасди.

Бир сафар одамлар шол бўлиб қолган кишини Исо турган уйга олиб келишди. Бироқ уйда жуда кўп одам тўпланганидан улар ичкарига кира олишмади. Шунда улар томда тешик очишди-да, шол одамни Исонинг ёнига туширишди. Исо эса шол кишига: «Ўрнингиздан туриб, юринг»,— деди. Ўша одам юра бошлади ва ҳамма ҳайрон қолди.

Бошқа сафар Исо бир қишлоққа кираётганида мохов касалига чалинган ўнта киши узоқда туриб: «Исо, бизга ёрдам беринг!» — деб бақирди. Ўша пайтларда моховлар бошқа одамларнинг олдига яқинлашиши тақиқланарди. Исо уларга маъбадга боришни буюрди, чунки Яҳованинг Қонунига кўра моховлар тузалганидан кейин у ерга боришлари керак эди. Улар йўлда кетаётганида соғайиб кетишди. Моховлардан бири тузалганини пайқаб, Исога раҳмат айтиш ва Худони шарафлаш учун орқага қайтди. Ўнта кишидан фақат биттаси Исога миннатдорчилик билдирди.

12 йилдан бери касал бўлган бир аёл кўп даволанса ҳам шифо топмаётган эди. У халойиқ орасида Исонинг ортидан келиб, устки кийимининг этагига қўл теккизди ва ўша заҳоти соғайиб кетди. Шунда Исо: «Менга ким тегди?» — деб сўради. Аёл қўрқиб кетди, лекин олдинга чиқиб Исога бор гапни айтди. Исо унга тасалли бериб: «Синглим, эсон-омон бораверинг»,— деди.

Яир исмли ибодатхона бошлиғи Исога ёлвориб: «Илтимос, уйимга келинг! Қизалоғим қаттиқ касал»,— деди. Бироқ Исо Яирнинг уйига етиб боргунича қизалоқ ўлди. Исо келганида кўп одамлар Яирнинг оиласи билан бирга қайғураётганини кўрди. Исо уларга: «Йиғламанглар, қизча ухлаяпти, холос»,— деб айтди. Кейин қизчанинг қўлидан ушлаб, унга: «Қизалоқ, ўрнингдан тур!» — деди. Қизча шу ондаёқ турди ва Исо ота-онасига унга овқат беришни айтди. Қизчанинг ота-онаси қанчалик қувонганини бир тасаввур қилинг!

«Аллоҳ... Исони муқаддас руҳи ҳамда қудрати билан Масиҳ қилиб тайинлади ва у Иблис азоб берган одамларни даволаб, бутун юрт бўйлаб барчага яхшилик қилиб юрарди, чунки Худо у билан эди». (Ҳаворийлар 10:38)