Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

87- ДАРС

Ҳазратимизнинг кечлик таоми

Ҳазратимизнинг кечлик таоми

Яҳудийлар ҳар йили нисон ойининг 14- куни Фисиҳ байрамини нишонларди. Бу байрам Яҳова уларни Мисрдаги қулликдан қай йўсин озод этганини ҳамда ваъда қилинган юртга олиб кирганини эслатиб турарди. Милодий 33 йили Исо ва ҳаворийлар Қуддусдаги бир уйнинг болохонасида Фисиҳ байрамини нишонлашди. Улар таомни еб бўлгач, Исо: «Биттангиз менга хиёнат қиласиз»,— деб айтди. Ҳаворийлар бундан хафа бўлиб, Исодан: «Ким экан у?» — дея сўрай бошлашди. Исо бўлса: «Мана бу нонни кимга берсам, у ўша»,— деб жавоб қайтарди. Кейин у бир бурда нонни Яҳудо Ишқариётга узатди. Яҳудо дарҳол туриб, хонадан чиқиб кетди.

Сўнг Исо ибодат қилиб, нонни синдирди-да, қолган ҳаворийларга узатди. Исо уларга: «Нонни енглар. Нон сизлар учун фидо қилинадиган танамни билдиради»,— деб айтди. Кейин у шаробни олиб яна ибодат қилди-да, уни ҳаворийларга узатди. Исо шундай деди: «Шаробни ичинглар. Шароб гуноҳларингиз кечирилиши учун тўкиладиган қонимни билдиради. Ваъда бераман, сизлар мен билан осмонда шоҳлар бўласиз. Мени эслаб туриш учун ҳар йили шундай қилинглар». Исонинг издошлари ҳанузгача бу кунни ёдга олиш учун йиғилишади. Бу учрашув бугунги кунда «Қутлуғ Кечлик» ёки «Ҳазратимизнинг кечлик таоми» деб аталади.

Сўнгра ҳаворийлар ораларида ким энг буюклиги борасида баҳслашишди. Аммо Исо уларга шундай деди: «Кимки ўзини паст олса, ўша инсон орангизда энг буюк бўлади.

Сизлар менинг дўстларимсиз. Отамдан нимаики эшитган бўлсам, барчасини сизларга айтиб бердим. Тез орада мен Отамнинг олдига, осмонга кетаман. Сизлар эса шу ерда қоласиз. Агар бир-бирингизни севсангиз, одамлар сизлар менинг шогирдларим эканингизни билиб олишади. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар».

Охири Исо ибодат қилиб, Яҳовадан шогирдларини ҳимоялашни, улар бирликда меҳнат қилишлари учун ёрдам беришни сўради. Шунингдек, Яҳованинг исми муқаддас бўлишини сўраб ибодат қилди. Кейин Исо билан ҳаворийлари Яҳовага ҳамду санолар куйлаганча ташқарига чиқишди. Исо ҳибсга олинадиган пайт яқинлашиб қолганди.

«Қўрқма, эй кичик пода, чунки самовий Отангиз сизларга Шоҳликни беришни маъқул кўрди». (Луқо 12:32)