Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

88- ДАРС

Исо ҳибсга олинади

Исо ҳибсга олинади

Исо ҳаворийлари билан Қидрон водийсидан ўтиб Зайтун тоғига борди. Вақт ярим кечадан ўтиб қолган эди ва осмонда тўлин ой кўриниб турарди. Улар Гетсемания боғига етиб келганида Исо шогирдларига: «Шу ерда қолиб, ҳушёр туринглар»,— деди. Сўнг ўзи нарироққа бориб тиз чўкди ва қаттиқ қайғуриб Яҳовага: «Ҳаммаси Сен истагандек бўлсин»,— деб ибодат қилди. Яҳова эса Исога далда бериш учун фариштасини юборди. Исо қайтиб келиб қараса, ҳаворийлар ухлаб ётишган экан. Шунда у ҳаворийларга: «Туринглар! Ҳозир ухлайдиган пайт эмас. Мен душманлар қўлига тутиб бериладиган вақт келди»,— деб айтди.

Шу пайт Яҳудо бир тўда одамларни бошлаб келди. Уларнинг қўлида қиличлар ва таёқлар бор эди. Яҳудо Исони қаердан топишни биларди, чунки Исо шогирдлари билан бу боққа тез-тез келиб турарди. Яҳудо аскарлар билан келишиб, белги бериб уларга Исони кўрсатишни айтганди. Яҳудо Исонинг ёнига келиб: «Салом, Устоз!» — деди-да, уни ўпди. Исо унга: «Яҳудо, менга ўпич билан хиёнат қиляпсизми?» — деди.

Исо ўша одамларга пешвоз чиқиб: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўради. Улар: «Носиралик Исони»,— деб жавоб қайтаришди. Исо: «Ўша менман»,— деб айтганида, улар орқага чекиниб, ерга йиқилишди. Шунда Исо улардан яна: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўради. Улар: «Носиралик Исони»,— деб такрорлашди. Исо шундай деди: «Ўша мен эканлигимни сизларга айтдим-ку. Шогирдларимни қўйиб юборинглар».

Нималар бўлаётганини тушунганида, Бутрус қиличини қинидан чиқарди-да, олий руҳонийнинг қулига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади. Унинг исми Малхус эди. Бироқ Исо Малхуснинг қулоғига қўлини теккизиб, уни соғайтирди. Кейин Исо Бутрусга: «Қилични қинига солиб қўйинг. Чунки қилич билан жанг қилсангиз, қиличдан ҳалок бўласиз»,— деди. Аскарлар Исони ушлаб, қўлларини боғлашди, ҳаворийлар эса қочиб кетишди. Аскарлар Исони бош руҳоний Ҳананнинг ҳузурига олиб боришди. Ҳанан уни сўроқ қилгач, олий руҳоний Каяфанинг уйига жўнатиб юборди. Ҳаворийлар билан-чи, нима юз берди?

«Дунёда сизларни қайғу-алам кутяпти, аммо дадил бўлинг! Мен дунёни енгдим». (Юҳанно 16:33)