Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

90- ДАРС

Исо Гўлготада ўлади

Исо Гўлготада ўлади

Бош руҳонийлар Исони ҳокимнинг саройига олиб келишди. Шунда Пилат улардан: «Бу инсонни нимада айблаяпсизлар?» — деб сўради. Улар: «У ўзини шоҳ деб атаяпти!» — дея жавоб беришди. Пилат эса Исодан: «Сен яҳудийларнинг шоҳимисан?» — деб сўради. Исо: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас»,— деди.

Сўнг Пилат Исони Жалилада ҳокимлик қилаётган Ҳироднинг ёнига юборди. Чунки у Ҳирод Исодан бирон айб топа олади деб умид қилди. Бироқ Ҳирод Исодан ҳеч қандай айб топа олмай, уни Пилатнинг олдига қайтариб юборди. Пилат бўлса одамларга: «Ҳирод ҳам, мен ҳам бу инсондан ҳеч қандай айб топа олмадик. Мен уни озод қиламан»,— деб айтди. Шунда улар: «Уни ўлдиринг»,— деб бақиришди. Аскарлар эса уни қамчилаб, юзига тупуришди ва уришди. Улар тиканакдан тўқилган тожни Исонинг бошига кийгизиб, уни мазах қилганча шундай дейишди: «Салом, яҳудийларнинг шоҳи!» Пилат яна халойиққа қарата: «Мен бу инсондан ҳеч қандай айб топа олмадим»,— деб айтди. Аммо улар: «Уни устунга михлатинг»,— дея бақиришди. Шунда Пилат Исони қатл қилиш учун аскарларнинг қўлига топширди.

Улар Исони Гўлгота деган жойга олиб бориб, устунга михлашди, сўнг устунни турғизиб қўйишди. Исо: «Отажон, уларни кечир, чунки улар нима қилаётганини билмайди»,— деб ибодат қилди. Одамлар эса: «Агар сен Худонинг Ўғли бўлсанг, қани устундан туш! Ўзингни қутқар!» — дея Исони масхара қилишди.

Исонинг икки ёнида иккита жиноятчи ҳам устунга михланганди. Улардан бири унга: «Исо, шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деб айтди. Шунда Исо: «Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз»,— деди. Пешинда бутун ерни зулмат босди ва бу тахминан уч соат давом этди. Исонинг онаси Марям ва баъзи шогирдлар устун ёнида туришганди. Шунда Исо онаси Марямни Юҳаннога топшириб, ўз онасидек ғамхўрлик қилишни сўради.

Охири Исо: «Амалга ошди!» — деди-ю, бошини эгди ва нафаси узилди. Шу пайт кучли зилзила юз берди. Маъбаддаги Муқаддас хона ва Энг муқаддас хонани ажратиб турган парда ўртасидан йиртилиб кетди. Юзбоши эса: «Бу киши чиндан ҳам Худонинг Ўғли экан»,— деб айтди.

«Аллоҳнинг қанча ваъдалари бор бўлса, бари унинг воситасида “ҳа” бўлди». (2 Коринфликларга 1:20)