Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

93- ДАРС

Исо осмонга қайтади

Исо осмонга қайтади

Исо шогирдлари билан Жалилада учрашди ва уларга қуйидаги муҳим амрни берди: «Боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Сизларга нимани ўргатган бўлсам, уларга ҳам шуни ўргатинглар ва уларни сувга чўмдиринглар». Сўнгра шундай ваъда берди: «Ёдда тутинглар, мен ҳамиша сизлар билан бўламан».

Исо тирилганидан сўнг, 40 кун мобайнида Жалила ва Қуддусда юзлаб шогирдларига кўринди. Исо уларга муҳим сабоқлар берди ва кўп мўъжизалар кўрсатди. Кейин Исо ҳаворийлари билан Зайтун тоғида охирги марта учрашди. Исо шундай деди: «Қуддусдан кетмай, Отамнинг ваъдаси амалга ошишини кутинглар».

Аммо ҳаворийлар Исо нима демоқчи эканини тушунишмади. Шу боис, ундан: «Сиз ҳозир Исроилнинг шоҳи бўлишингиз керак эмасми?» — деб сўрашди. Исо уларга жавобан деди: «Яҳова мени Шоҳ этиб тайинлайдиган вақт ҳали келмади. Тез орада устингизга муқаддас руҳ тушиб, кучга тўласизлар ва менинг шоҳидларим бўласизлар. Боринглар, Қуддус, Яҳудия, Самария ва ернинг олис жойларида ваъз қилинглар».

Кейин Исо осмонга кўтарилди ва булутлар уни тўсиб қўйди. Шогирдлар осмонга қараб тураверди, аммо Исо кўздан ғойиб бўлган эди.

Улар Зайтун тоғидан тушиб, Қуддусга кетишди. Сўнг бир уйнинг болохонасида мунтазам равишда йиғилиб, ибодат қилиб туришди. Шогирдлар Исо янги йўл-йўриқлар беришини кутишди.

«Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (Матто 24:14)