Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

94- ДАРС

Шогирдларга муқаддас руҳ тушади

Шогирдларга муқаддас руҳ тушади

Исо осмонга кўтарилганидан ўн кун ўтгач, унинг шогирдларига муқаддас руҳ тушди. Милодий 33 йили Ҳосил байрамини нишонлаш учун одамлар ернинг турли жойларидан Қуддусга келишди. Бир уйнинг болохонасида Исонинг тахминан 120 та шогирди йиғилди. Ногаҳон ажойиб бир нарса рўй берди. Шогирдларнинг боши устида оловга ўхшаш бир нарса пайдо бўлди ва улар турли тилларда гапира бошлашди. Кучли шамол эсгандай бир шовқин уйни тамоман тўлдирди.

Қуддусга турли жойлардан келган одамлар шовқинни эшитиб, нима бўлганини кўриш учун уй томон югуриб келишди. Шогирдлар уларнинг тилида гапираётганини кўриб ҳайрон қолишди. Улар бир-бирига: «Ахир бу инсонлар Жалиладан эмасми? Қандай қилиб улар бизнинг тилимизда гапиряпти?» — деб айтишди.

Сўнг Бутрус ва бошқа ҳаворийлар халойиқ олдида туришди. Бутрус одамларга Исо қандай ўлдирилгани ва Яҳова уни тирилтиргани ҳақида айтиб берди. У шундай деди: «Ҳозир Исо осмонда Худонинг ўнг тарафида ўтирибди ҳамда ваъда қилганидай устимизга муқаддас руҳни ёғдирди. Мана шу боис, сизлар бу мўъжизаларни кўриб гувоҳ бўляпсизлар».

Одамлар Бутруснинг сўзларидан таъсирланиб: «Энди биз нима қилишимиз керак?» — деб сўрашди. Бутрус: «Гуноҳларингизни тан олиб, тавба қилинглар ва Исонинг номи билан сувга чўминглар. Шунда сизларнинг ҳам устингизга муқаддас руҳ тушади»,— деб жавоб берди. Ўша куни тахминан 3 000 киши сувга чўмди. Шу пайтдан бошлаб, Қуддусда шогирдларнинг сони тобора кўпайиб борди. Муқаддас руҳнинг мадади билан ҳаворийлар янги жамоатлар ташкил этишди. Шу йўсин улар шогирдларга таълим бериб, Исонинг барча амрларини бажаришди.

«Агар ўз оғзинг билан Исонинг Ҳазрат эканини очиқдан-очиқ эълон қилаётган бўлсанг ва Аллоҳ уни тирилтирганига чин қалбдан ишонсанг, қутқариласан». (Римликларга 10:9)