Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

95- ДАРС

Уларни ҳеч нарса тўхтата олмади

Уларни ҳеч нарса тўхтата олмади

Маъбад дарвозаси олдида туғма чўлоқ бир киши ҳар куни садақа сўраб ўтирарди. Бир куни пешинда ўша одам Бутрус билан Юҳанно маъбадга кираётганини кўриб қолди ва улардан: «Илтимос, бирон нарса беринглар»,— деб сўради. Бутрус эса: «Мен сизга пулдан ҳам яхшироқ нарса бераман. Исонинг номидан сизга айтаман, ўрнингиздан туриб юринг!» — деди. Сўнг Бутрус уни оёққа турғизди ва у юра бошлади! Бу мўъжизани кўрган одамлар роса қувонишди. Натижада уларнинг кўпчилиги Исонинг издоши бўлди.

Аммо руҳоний ва саддуқийлар ғазабланди. Улар ҳаворийларни ушлаб, маҳкамага олиб боришди. Сўнг: «Бу инсонга шифо бериш қудратини сизларга ким берди?» — деб сўрашди. Бутрус эса: «Сизлар ўлдирган Исо Масиҳ бизга бу қудратни ато этди»,— деб жавоб берди. Дин раҳбарлари бақириб: «Исо ҳақда гапиришни бас қилинглар!» — дейишди. Аммо ҳаворийлар: «Биз у ҳақда гапиришимиз керак. Биз жим тура олмаймиз»,— деб жавоб беришди.

Бутрус билан Юҳанно озод этилгач, бошқа шогирдларнинг олдига бориб, бўлиб ўтганларни айтиб беришди. Улар Яҳовага ибодат қилиб: «Илтимос, Сен ишониб топширган ишни бажариш учун бизга жасорат ато эт»,— дейишди. Яҳова уларга муқаддас руҳини берди ва улар ваъз қилиб, одамларга шифо бериб юришди. Исо издошларининг сони кўпайиб борарди. Саддуқийлар буни кўролмаганидан ҳаворийларни ҳибсга олиб, қамоққа ташлашди. Бироқ кечаси Яҳова фариштасини юборди. Фаришта қамоқхона эшикларини очиб, ҳаворийларга: «Боринглар, маъбадда туриб таълим беринглар»,— деб айтди.

Кейинги куни эрталаб аскарлар Олий Кенгаш аъзоларига шундай дейишди: «Қамоқхона эшиклари қулфланган, лекин ҳибсга олинганлар ичкарида йўқ! Улар маъбадда одамларга таълим бериб юришибди!» Шунда ҳаворийларни яна ҳибсга олиб, Олий Кенгашга келтиришди. Олий руҳоний уларга: «Биз сизларга Исо ҳақида гапирманглар, деб буюргандик-ку!» — деб айтди. Аммо Бутрус шундай жавоб берди: «Биз одамлардан кўра Худога кўпроқ бўйсунишимиз керак».

Дин раҳбарларининг қаттиқ жаҳли чиққанидан ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлишди. Шунда Гамалиэл исмли фарзий ўрнидан туриб: «Эҳтиёт бўлинглар! Худо бу инсонлар билан бўлса-чи? Тағин Аллоҳга қарши чиққан бўлманглар»,— деб айтди. Улар бу маслаҳатга қулоқ солишди. Ҳаворийларни хивич билан савалагач, бошқа ваъз қилмасликни буюришди. Сўнг уларни қўйиб юборишди. Аммо бу ҳаворийларни тўхтатмади. Улар маъбадда ва уйма-уй хушхабарни жасорат ила ваъз қилишни давом эттиришди.

«Биз одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсунишимиз керак». (Ҳаворийлар 5:29)