Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

98- ДАРС

Масиҳийлик кенг тарқалади

Масиҳийлик кенг тарқалади

Ҳаворийлар Исонинг хушхабарни бутун ер юзи бўйлаб ёйиш ҳақидаги амрини бажаришди. Милодий 47 йили Антиохиядаги биродарлар Павлус билан Барнабони ваъзгўйлик сафарига юборишди. Ушбу ғайратли ваъзгўйлар бутун Кичик Осиёда — Дербе, Листра ва Икония каби шаҳарларда ваъз қилишди.

Павлус билан Барнабо барчага — бою камбағалга, ёшу қарига хушхабарни етказишди. Кўплар Масиҳ тўғрисидаги ҳақиқатни қабул қилди. Павлус ва Барнабо Кипр ҳокими Сергий Павлусга ваъз қилмоқчи бўлишганида, бир сеҳргар уларни тўхтатишга уринди. Павлус унга: «Яҳова сени жазолайди»,— деб айтди. Шу заҳотиёқ сеҳргар кўр бўлиб қолди. Ҳоким Сергий Павлус буни кўриб, Исонинг издоши бўлди.

Павлус ва Барнабо ҳамма жойда, уйма-уй, бозорларда, кўчалару ибодатхоналарда ваъз қилишди. Улар Листра шаҳрида чўлоқ бир кишини соғайтиришди. Бу мўъжизани кўрган одамлар Павлус билан Барнабони худолар деб ўйлаб, уларга сиғинмоқчи бўлишди. Аммо улар одамларни тўхтатиб, шундай дейишди: «Фақат Аллоҳга топининглар! Ахир биз оддий одаммиз-ку!» Кейин баъзи яҳудийлар келиб, оломонни Павлусга қарши қайрашди. Оломон Павлусни тошбўрон қилди-да, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, ўлар ҳолатда ташлаб кетди. Бироқ у тирик қолди. Биродарлар ўша заҳоти ёрдамга келиб, уни шаҳарга олиб киришди. Орадан вақт ўтиб, Павлус Антиохияга қайтди.

Милодий 49 йили Павлус яна ваъзгўйлик сафарига отланди. Кичик Осиёдаги биродарларни кўриб қайтгач, у хушхабарни янада олисроққа, Европага етказди. У Афина, Эфес, Филиппи, Салоника ва бошқа жойларга борди. Сила, Луқо ва Тимўтий исмли йигит Павлусга бу сафарда ҳамроҳ бўлишди. Улар биргаликда жамоатлар ташкил этишди ва уларга имонда мустаҳкам бўлишга ёрдам беришди. Павлус Коринф шаҳрида бир ярим йил қолди ва у ердаги биродарларни қўллаб-қувватлади. У ваъз қилди, таълим берди ва кўп жамоатларга хатлар ёзди. Шунингдек, у чодир тикарди. Вақт ўтиб, Павлус Антиохияга қайтиб кетди.

Кейинчалик милодий 52 йили Павлус учинчи ваъзгўйлик сафарига йўл олиб, хизматини Кичик Осиёдан бошлади. У узоқ шимолдаги Филиппи шаҳрига борди, сўнг Коринфга йўл олди. Павлус Эфес шаҳрида бир неча йил қолиб, одамларга таълим берди, уларни соғайтирди ва жамоатларга кўмаклашди. Шунингдек, у бир мактабда ҳар куни нутқ сўзлади. Кўп одамлар уни тинглаб, ёмон йўлдан қайтишди. Хушхабарни кўп юртларда ваъз қилгач, Павлус охири Қуддусга қайтди.

«Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар». (Матто 28:19)