Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

100- ДАРС

Павлус ва Тимўтий

Павлус ва Тимўтий

Листра шаҳридаги жамоатда Тимўтий исмли ёш биродар бор эди. Унинг отаси юнон, онаси эса яҳудий эди. Онаси Эвника ҳамда бувиси Лоида Тимўтийга болалигиданоқ Яҳова ҳақида таълим беришганди.

Иккинчи ваъзгўйлик сафари пайтида Павлус Листра шаҳрига ташриф буюрди. Ўшанда Тимўтий биродарларни қаттиқ яхши кўриши ва уларга ёрдам беришга тайёр экани унинг диққатини тортди. Павлус Тимўтийни биргаликда сафарга боришга таклиф қилди. Вақт ўтиб, Павлус унга хушхабарни ваъз қилишни ҳамда таълим беришни яхшилаб ўргатди.

Павлус ва Тимўтий қаерга бормасин, муқаддас руҳ уларни бошқариб турди. Бир куни кечаси Павлус ваҳий кўрди. Ваҳийда бир киши: «Македонияга келиб, бизга ёрдам беринг»,— деб ёлвораётган эди. Шунда Павлус, Тимўтий, Сила ва Луқо ўша ерга ваъз қилгани бориб, жамоатлар ташкил этишди.

Македониянинг Салоника шаҳридаги кўпгина аёллару эркаклар Исонинг издоши бўлишди. Аммо баъзи яҳудийлар Павлус ва унинг ҳамроҳларига ҳасад қилишди. Улар одамларни йиғиб, бир тўда бўлишди-да, биродарларни шаҳар бошлиқлари олдига судраб боришди. Улар: «Бу кишилар Рим ҳукуматига қарши чиқишяпти!» — деб бақиришди. Павлус ва Тимўтийнинг ҳаёти хавф остида қолгани учун, улар кечаси Верия шаҳрига қочиб кетишди.

Вериядаги одамлар хушхабарни катта иштиёқ билан тинглашди. Уларнинг орасидаги юнонлару яҳудийлар Исонинг издоши бўлишди. Лекин Салоника шаҳридан келган баъзи яҳудийлар халойиқни Павлусга қарши гижгижлашди. Шунда Павлус Афинага кетди. Тимўтий ва Сила бўлса, Верияда қолиб, биродарларнинг имонини мустаҳкамлашди. Вақт ўтиб, Павлус қаттиқ қувғунларга дуч келаётган биродарларга ёрдам бериш учун Тимўтийни яна Салоникага жўнатди. Кейинчалик, Павлус Тимўтийни кўпгина бошқа жамоатларга ташриф буюриб, имондошларга далда бериш учун юборди.

Павлус Тимўтийга: «Яҳовага хизмат қилишни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади»,— деб айтганди. Тимўтий имони учун таъқиб қилиниб, қамоққа ташланди. У Яҳовага бўлган садоқатини исботлай олганидан хурсанд эди.

Павлус филиппиликларга: «Мен олдингизга Тимўтийни юборяпман. У сизларга Яҳованинг яхши хизматчиси сифатида ҳаёт кечиришни ва қандай ваъз қилишни ўргатади»,— деб айтди. Павлус Тимўтийга ишониш мумкинлигини биларди. Улар кўп йиллар давомида дўст ва ҳамкор сифатида бирга хизмат қилишди.

«У каби феъл-атворга эга бўлган, сизлар учун чин дилдан ғам чека оладиган бошқа ҳеч кимим йўқ. Бошқалар Исо Масиҳга нима маъқул келишини эмас, ўз манфаатларини кўзлайдилар». (Филиппиликларга 2:20, 21)