Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Етакчи кенгашдан хат

Етакчи кенгашдан хат

Азиз ўқувчилар!

Яҳованинг хизматчилари сифатида биз Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни яхши кўрамиз. У тарихий жиҳатдан аниқлигига, унда амалий ва ишончли йўл-йўриқлар ёзилганига аминмиз. Уни ўқиб, Яҳова инсоният оиласини қанчалик яхши кўришини билиб оляпмиз. (Забур 119:105; Луқо 1:3; 1 Юҳанно 4:19) Биз бошқа инсонлар ҳам Худонинг Каломидаги бебаҳо ҳақиқатларни билиб олишини чин дилдан истаймиз. Шу боис, «Муқаддас Китоб ҳикояларидан сабоқлар» номли ушбу китобни сизларга тақдим этишдан ниҳоятда хурсандмиз. Энди бу китоб ҳақида қисқача тўхталсак.

Бу китоб асосан болалар учун мўлжалланган. Аммо Муқаддас Китоб тўғрисида кўпроқ билишни истовчи катталарга ҳам бу китоб ёрдам бериши мумкин. Муқаддас Китоб ҳамма инсонлар учун ёзилган экан, у чинакамига бахтли бўлишимизга ёрдам беради. Ундаги сабоқларга яна бир назар солиш, барчамизга фойда келтириши шубҳасиз.

Мазкур китобда инсоният оиласи яратилганидан буён содир бўлган воқеалар қаламга олинган ва улар Муқаддас Китобда ёзилганларга асосланган. Муқаддас Китоб ҳикояларини тушунарли ва оддий тарзда баён этиш учун кўп куч сарфланган. Воқеалар иложи борича содир бўлган тартибда келтирилган.

Лекин бу китобнинг мақсади Муқаддас Китобдаги воқеаларни шунчаки баён этишдан иборат эмас. Унинг матни ва расмлари Муқаддас Китобдаги воқеаларни жонлантириб, қаҳрамонларнинг ҳис-туйғуларини яхши акс эттириш учун тайёрланган.

Мазкур адабиёт Муқаддас Китоб Яҳовага қулоқ солган ва қулоқ солмаган кишилар ҳақидаги китоб эканини кўришимизга ёрдам беради. Бунинг устига уларнинг мисолларидан сабоқ олишга бизни ундайди. (Римликларга 15:4; 1 Коринфликларга 10:6) Бу китоб 14 та бўлимдан иборат. Ҳар бир бўлимнинг бошида баъзи муҳим сабоқлар келтирилган.

Агар ота-она бўлсангиз, фарзандингиз билан битта дарсни ўқиб, унга келтирилган расмларни муҳокама қилишингиз мумкин. Сўнг дарснинг охирида келтирилган оятларни ўқисангиз бўлади. Болангизга бу дарслардан олаётган сабоқлари Муқаддас Китобга асосланганини кўришига ёрдам беринг. Катталарни Муқаддас Китоб билан таништираётганда ҳам мана шундай ёндашув самарали бўлади.

Умид қиламизки, ушбу адабиёт барча самимий инсонларга — ёшу қарига Худонинг Каломидан сабоқ олишга ва уларни ҳаётида қўллашга кўмаклашади. Натижада, улар ҳам Яҳованинг оиласига қўшилиб, Унга топина олишади.

Биродарларингиз,

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши