Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16- БОБ

«Одамларнинг пешонасига белги қўй»

«Одамларнинг пешонасига белги қўй»

ҲИЗҚИЁ 9:4

БУ БОБДА: Ҳизқиёнинг давридаги садоқатли кишилар ҳалокатдан қутулиши учун уларга қай йўсин белги қўйилган ва бугунги кунда белги қўйиш қандай маънога эга?

1–3. а) Ҳизқиё нега эсанкираб қолди ва Қуддус вайрон қилиниши борасида у нимани билиб олади? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

ҲИЗҚИЁ эсанкираб қолди! У ҳозиргина ваҳийда муртад яҳудийлар Қуддусдаги маъбадда жирканч ишлар қилаётганини кўрди *. Ўша исёнкорлар Исроилдаги пок топинишнинг марказини булғашди. Бироқ фақатгина маъбад булғангани йўқ. Яҳудо юрти зўравонликка тўлиб-тошган ва тикланишга умид йўқ. Танлаган халқи нималар қилганини кўриб жуда хафа бўлган Яҳова Ҳизқиёга шундай деди: «Қаттиқ ғазабланиб чора кўраман». (Ҳиз. 8:17, 18)

2 Қуддус ва қачонлардир муқаддас саналган маъбад бинолари Яҳованинг ғазабини келтираётгани ҳамда улар вайрон бўлишини билиш Ҳизқиёга қанчалик оғир ботаётгандир! Қуйидаги саволлар уни қизиқтираётганига шубҳа йўқ: «Шаҳардаги садоқатли кишилар билан нима бўлади? Улар қутулиб қоладими? Қутулиб қоладиган бўлса, бу қандай юз беради?» Бу саволларга жавоб олиш учун Ҳизқиё узоқ кутишига тўғри келмади. Қуддусга тегишли даҳшатли ҳукмни эшитганидан кўп ўтмай, Ҳизқиё ҳукмни ижро этувчилар баланд овозда чақирилаётганини эшитди. (Ҳиз. 9:1) Ваҳийни кўришда давом этар экан, пайғамбар таскин топади, чунки Қуддус вайрон қилинганида одамлар ёппасига йўқ қилинмаслигини, балки садоқатли инсонлар саралаб олинишини билиб олади.

3 Ушбу ёвуз замона ниҳоясига етиб борар экан, яқинлашиб келаётган буюк ҳалокатда ким тирик қолиши бизни ҳам қизиқтираётгандир. Шунинг учун, келинг, қуйидагиларни кўриб чиқамиз: 1) ваҳийнинг давомида Ҳизқиё нимани кўрган? 2) Ушбу ваҳий унинг кунларида қандай амалга ошган? 3) Башоратли ваҳий ҳозирги кунда қандай маънога эга?

«Жазолайдиганларнинг ҳаммаси... келсин»

4. Ҳизқиё ваҳийнинг давомида нималарни кўриб, нималарни эшитади?

4 Хўш, Ҳизқиё ваҳийнинг давомида нималарни кўриб, нималарни эшитади? (Ҳизқиё 9:1–11 ни ўқинг.) «Шимолга қараган юқори дарвоза томондан», эҳтимол, рашк бути турган ва аёллар худо Таммуз учун йиғлаб ўтирган томондан етти киши келади. (Ҳиз. 8:3, 14) Бу етти киши маъбаднинг ички ҳовлисига кириб, мис қурбонгоҳ ёнига келиб туради. Бироқ улар қурбонлик келтирмоқчи эмас. Яҳова ушбу маъбадда келтирилаётган қурбонликларни энди қабул қилмаяпти. Олтитасининг «қўлида тўқмоғи бор эди». Еттинчи киши эса бошқаларидан сезиларли даражада фарқ қиларди. У зиғир матодан кийим кийган бўлиб, қўлида қуроли йўқ эди, аксинча, белида котиблик асбоби қистириб қўйилган эди. Ҳойнаҳой, бу котиблик асбоблари солинган қаламдон бўлган.

5, 6. Пешонасига белги қўйилган кишилар ҳақида қандай хулосага келишимиз мумкин? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)

5 Котиблик асбоби бор киши нима қилади? У Яҳованинг Ўзидан жиддий топшириқ олади: «Қуддус шаҳрини айланиб чиқ. Шаҳарда қилинаётган жирканч ишлар дастидан оҳ-нола қилаётган одамларнинг пешонасига белги қўй». Эҳтимол, шу пайт Ҳизқиё тўнғич фарзандларини ҳалокатдан асраб қолиш учун хонадонлари эшигининг икки ёндорига ва тепа тахтасига белги сифатида қон сачратган садоқатли исроиллик ота-оналарни эслаган бўлиши мумкин. (Чиқ. 12:7, 22, 23) Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги котиблик асбоби бор киши одамларнинг пешонасига айнан шу мақсадда белги қўйганми? Бошқача қилиб айтганда, Қуддус вайрон қилинганида пешонасида белгиси борлар қутулиб қолганми?

6 Белги қўйишга нима асос бўлиб хизмат қилишини кўриб чиқсак бу саволга жавоб топамиз. Белги «шаҳарда қилинаётган жирканч ишлар дастидан оҳ-нола қилаётган одамларнинг пешонасига» қўйилган эди. Белги қўйилган ўша кишилар ҳақида қандай хулосага келишимиз мумкин? Эътиборга лойиқ биринчи нарса шуки, улар нафақат маъбаддаги бутпарастликдан, балки Қуддус зўравонлик, ахлоқсизлик ва адолатсизликка тўлиб кетганидан қаттиқ қайғу-алам чекишган. (Ҳиз. 22:9–12) Бундан ташқари, ҳойнаҳой улар ўз ҳис-туйғуларини яширишмаган. Бундай самимий инсонлар сўзлари ва ишлари билан юртда содир бўлаётган нарсалардан жирканаётганини ва пок топинишга содиқ эканини аниқ намоён этишган. Шу сабабли Яҳова садоқатли кишиларга раҳм-шафқат кўрсатиб, қутқариб қолган.

7, 8. Қўлида тўқмоғи бор олти киши ўз вазифасини қандай бажарган ва ваҳий қандай якун топган?

7 Унда қўлида тўқмоғи бор олти киши ўз вазифасини қандай бажарган? Ҳизқиё Яҳова уларга берган йўл-йўриқни эшитади. Унга кўра улар котиблик асбоби бор киши белгилаш ишини якунига етказгач, пешонасида белгиси бўлганлардан ташқари ҳаммани қириб ташлаши керак эди. Яҳова: «Бу ишни муқаддас масканимдан бошланглар»,— деб буюради. (Ҳиз. 9:6) Ҳукмни ижро этувчилар ўз ишларини Қуддуснинг қоқ марказидан, яъни маъбаддан бошлашлари керак. Яҳова энди бу масканни муқаддас, деб билмаяпти. Қирғин «маъбад олдидаги оқсоқоллар»дан бошланади. Исроилнинг бу 70 та оқсоқоли маъбад ичкарисида сохта худоларга атаб тутатқи тутатаётган эди. (Ҳиз. 8:11, 12; 9:6)

8 Ваҳий қандай якун топган? Ҳизқиё кузатишда ва тинглашда давом этар экан, котиблик асбоби бор киши Яҳовага қуйидагича ҳисобот беради: «Худди буюрганингиздек қилдим». (Ҳиз. 9:11) Бизда шундай саволлар туғилади: Қуддус аҳолиси билан нима юз берди? Шаҳар вайрон қилинганида садоқатли кишилар қутулиб қолдими?

Ваҳий Ҳизқиёнинг кунларида қандай амалга ошган?

9, 10. Қуддус вайрон қилинганида қутулиб қолганлар қаторида кимлар бўлган ва улар ҳақида қандай хулоса чиқаришимиз мумкин?

9 Солномалар иккинчи китоб 36:17–20 ни ўқинг. Ҳизқиёнинг башорати мил. авв. 607 йили, Бобил қўшини Қуддусни ва маъбадни вайрон қилганида амалга ошган. Бобилликлар «Яҳованинг қўлидаги... коса» бўлиб, улар орқали Яҳова бевафо Қуддус устига Ўз ғазабини тўккан ва уни жазолаган. (Ерм. 51:7) Барча одамлар қириб ташланганми? Йўқ. Ҳизқиёнинг ваҳийсида башорат қилинганидек, бобилликлар айримларни ўлдирмаган. (Ибт. 18:22–33; 2 Бутр. 2:9)

10 Бир қанча содиқ кишилар, жумладан, Рахав хонадони, ҳабашистонлик Обидмалек, Еремиё пайғамбар ҳамда унинг котиби Борух омон қолишган. (Ерм. 35:1–19; 39:15–18; 45:1–5) Ҳизқиёнинг ваҳийсидан бундай кишилар Қуддусда содир этилган «жирканч ишлар дастидан оҳ-нола» қилишган, деб хулоса чиқаришимиз мумкин. (Ҳиз. 9:4) Шаҳар вайрон бўлишидан олдин улар ёвузликни астойдил рад этишаётганини ҳамда пок топинишга содиқ эканини намоён этишган ва шу тариқа қутулиб қолганлар қаторига қўшилишган.

11. Қўлида тўқмоғи бор олти киши ва котиблик асбоби бўлган киши кимларни билдирган?

11 Қутулиб қолган ўша садоқатли кишиларга том маънода белги қўйилганми? Ҳизқиё ҳам, бошқа пайғамбарлар ҳам Қуддус бўйлаб юриб содиқ кишиларнинг пешонасига том маънода белги қўйгани ҳақида ҳеч қандай ёзма маълумот йўқ. Шубҳасизки, Ҳизқиёнинг башоратли ваҳийси инсон кўзларидан яширин бўлган самода нималар юз бераётганини ошкор этган. Ваҳийдаги котиблик асбоби бўлган киши ва қўлида тўқмоғи бор олти киши Яҳованинг иродасини адо этишга тайёр турган садоқатли руҳий мавжудотларни билдиради. (Заб. 103:20, 21) Бевафо Қуддус устидан чиқарган ҳукмни ижро этиш учун Яҳова фаришталаридан фойдалангани шубҳасиз. Қутқариладиган кишиларнинг пешонасига белги қўйиш орқали фаришталар ҳамма одамлар ёппасига йўқ бўлиб кетмаслигини назорат қилган.

Ҳизқиёнинг ваҳийси ҳозирги кунда қандай маънога эга?

12, 13. а) Нега Яҳова Қуддусга ғазабини сочган ва нега бугунги кунда ҳам У шундай йўл тутишини кутишимиз керак? б) Бевафо Қуддус христиан оламини билдирадими? Тушунтиринг. («Бевафо Қуддус христиан оламини билдирадими?» номли рамкага қаранг.)

12 Яқинда биз «дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди»ган мисли кўрилмаган илоҳий ҳукм ижро этилишига гувоҳ бўламиз. (Мат. 24:21) Ушбу муҳим воқеани кутар эканмиз, айрим долзарб саволлар туғилади: одамлар ёппасига йўқ қилинадими ёки сараланадими? Яҳовага пок тарзда топинувчилар қутулиб қолиши учун уларга қандайдир белги қўйиладими? Бошқача айтганда, Ҳизқиёнинг котиблик асбоби бор киши ҳақидаги башоратли ваҳийси ҳозирги кунда ҳам амалга ошадими? Учала саволга ҳам «ҳа» деб жавоб берса бўлади. Нега бундай хулоса чиқаришимиз мумкин? Жавобини топиш учун Ҳизқиёнинг ваҳийсига қайтамиз.

13 Яҳова қадимги Қуддусга нега ғазабини сочгани эсингиздами? Яна бир бор Ҳизқиё 9:8, 9 ни ўқинг. Ҳизқиё шаҳар вайрон қилинганида «Исроилнинг омон қолганлари» ҳам йўқ қилинишидан қўрқади, шунда Яҳова ҳукм қилиш учун тўртта сабаб келтиради. Биринчидан, халқнинг «гуноҳи ниҳоятда оғир» *. Иккинчидан, Яҳудо юрти «хунрезликка... тўла». Учинчидан, Яҳудо шоҳлигининг пойтахти Қуддус «адолатсизликка тўла». Тўртинчидан, халқ Яҳова уларнинг ёвуз ишларини «кўрмаяпти», деб ўзини оқлайди. Яҳованинг ушбу сўзлари ҳозирги ахлоқан бузуқ, зўравон, адолатсиз ва имонсиз дунёни таърифлаш учун мос келади, шундай эмасми?! Яҳова «ўзгармайдиган Тангри» экан, Ҳизқиёнинг даврида бўлгани каби, ҳозир ҳам ўша-ўша ишлар Унинг ғазабини қўзғатяпти. (Ёқб. 1:17; Мал. 3:6) Демак, бугунги кунда ҳам қўлида тўқмоғи бор олти киши ва котиблик асбоби бўлган киши ўз ишини амалга оширишини кутишимиз керак.

Қўлида тўқмоғи бор олти киши яқинда ишга киришади (12- , 13- хатбошиларига қаранг.)

14, 15. Қайси мисоллар Яҳова ҳалокатдан олдин халқни огоҳлантиришини кўрсатмоқда?

14 Хўш, Ҳизқиёнинг башоратли ваҳийси бугунги кунда қандай амалга ошяпти? Ваҳий ўтмишда қандай амалга ошганига эътибор берсак, ҳозир ва келажакда нималарни кутиш кераклигини билиб оламиз. Ҳизқиёнинг башорати амалга ошар экан, воқеалар қандай ривожланганини ёки ривож топишини кўриб чиқамиз.

15 Яҳова ҳалокатдан олдин халқни огоҳлантиради. 11- бобдан билиб олганимиздай, Яҳова Ҳизқиёни «Исроил хонадонига қўриқчи» қилиб тайинлаган эди. (Ҳиз. 3:17–19) Мил. авв. 613 йилдан бошлаб Ҳизқиё Исроилни яқинлашиб келаётган ҳалокатдан аниқ огоҳ этган. Бошқа пайғамбарлар, жумладан, Ишаё ва Еремиё ҳам Қуддуснинг бошига тушадиган фалокат тўғрисида огоҳлантиришган. (Ишаё 39:6, 7; Ерм. 25:8, 9, 11) Бугунги кунда Яҳова Масиҳ орқали мойланган хизматчиларидан иборат кичик гуруҳдан фойдаланиб пок тарзда топинувчиларни, яъни уйдагиларни нафақат озиқлантирмоқда, балки бошқаларни шиддат билан яқинлашиб келаётган буюк мусибат ҳақида огоҳлантирмоқда. (Мат. 24:45)

16. Яҳованинг халқи сифатида қутулиб қоладиганларга белги қўямизми? Тушунтиринг.

16 Яҳованинг халқи қутулиб қоладиганларга белги қўймайди. Эслайдиган бўлсак, Ҳизқиёга Қуддусни айланиб чиқиб, қутулиб қоладиганларга белги қўйиб чиқиш буюрилмаган. Худди шундай бугун ҳам Яҳованинг халқига қутулиб қолишга лойиқ бўлганларга белги қўйиш вазифаси топширилмаган. Бунинг ўрнига, уйдагилар сифатида бизга ваъз қилиш вазифаси берилган. Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ғайрат билан бўлишсак ва бу ёвуз дунёнинг охирати шиддат ила яқинлашиб келаётгани ҳақида астойдил огоҳлантирсак, бу вазифага жиддий ёндашаётганимизни кўрсатамиз. (Мат. 24:14; 28:18–20) Шу тариқа, самимий инсонларга пок топинишни танлашга ёрдам берган бўламиз. (1 Тим. 4:16)

17. Келажакда белги олиш учун одамлар ҳозир нима қилиши керак?

17 Яқинлашиб келаётган ҳалокатдан қутулиб қолиш учун одамлар имони борлигини ҳозир исботлаши керак. Юқорида билиб олганимиздай, мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон қилинганида қутулиб қолганлар ёвузликни чин дилдан рад этаётганини ва пок топинишга содиқ эканини олдиндан кўрсатишган. Бугун ҳам худди шундай. Ҳалокат келишидан олдин одамлар бу дунёдаги ёвузликдан «оҳ-нола» қилиши, яъни қаттиқ қайғу-алам чекиши керак. Ўз ҳис-туйғуларини яширишнинг ўрнига, улар сўзлари ва ишлари билан пок топинишга содиқ эканликларини намоён этишлари даркор. Улар буни қандай қила олишади? Бунинг учун, бугунги кунда олиб борилаётган ваъзгўйлик фаолиятига тўғри муносабат кўрсатишлари, Масиҳники каби шахсиятни кийиб олишни давом эттиришлари, Яҳовага бағишланиш рамзи сифатида сувга чўмишлари ва Масиҳнинг биродарларини садоқат ила қўллаб-қувватлашлари керак. (Ҳиз. 9:4; Мат. 25:34–40; Эфес. 4:22–24; 1 Бутр. 3:21) Ҳозир бундай ҳаёт йўлини танлаган кишилар ва буюк мусибатни пок топинувчилар сифатида қарши олганлар қутуладиганлар сифатида белги олишади.

18. а) Қутулиб қолишга лойиқ бўлганларга Исо қандай қилиб ва қачон белги қўяди? б) Садоқатли мойланганларга белги қўйилиши керакми? Тушунтиринг.

18 Қутулиб қолишга лойиқ бўлганларга Исо белги қўяди. Ҳизқиёнинг даврида қутулиб қоладиган содиқ кишиларга белги қўйишда фаришталар қатнашган. Бугунги кунда котиблик асбоби бор киши барча халқларнинг Ҳаками ҳисобланган ва ўз улуғворлигида келадиган Исо Масиҳни билдиради. (Мат. 25:31–33) Исонинг бу келиши буюк мусибат пайтида, сохта дин йўқ қилинганидан кейин юз беради *. Бу ҳал қилувчи паллада — Армагеддон бошланишидан олдин — Исо одамларни қўйлар ёки эчкилар сифатида ҳукм қилади. «Буюк оломон» ҳукм қилинади, яъни қўйлар сифатида белги олади. Бу эса улар «мангу ҳаётга» эга бўлишини англатади. (Ваҳ. 7:9–14; Мат. 25:34–40, 46) Садоқатли мойланганлар билан нима юз беради? Армагеддондан омон қолишлари учун уларга белги қўйишнинг кераги йўқ. Бунинг ўрнига, ўлимидан ёки буюк мусибат бошланишидан олдин уларга сўнгги муҳр қўйилади. Сўнг Армагеддон бошланишидан бироз олдин ер юзида бўлганлари осмонга кўтарилади. (Ваҳ. 7:1–3)

19. Бу замона устидан ҳукмни ижро этиш учун Исо билан кимлар келади? («Оҳ-нола қилиш, белги қўйиш, қириб ташлаш. Қачон ва қандай?» номли рамкага қаранг.)

19 Осмондаги Шоҳ Исо Масиҳ самовий қўшини билан бу замонанинг устидан ҳукмни ижро этади. Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги қўлида тўқмоғи бор олти киши зиғир матодан кийим кийган киши ўз ишини якунига етказмагунча қирғинни бошламаган. (Ҳиз. 9:4–7) Шу сингари, Исо барча халқларни ҳукм қилиб, қутулиб қоладиганларга қўйлар сифатида белги қўймагунча бўлғуси ҳалокат бошланмайди. Ундан кейин Армагеддон жанги пайтида Исо ҳукмни ижро этувчи самовий кучларни, яъни муқаддас фаришталарни ва у билан шоҳлик қиладиган 144 000 кишининг ҳаммасини ёвуз дунёга қарши бошлаб боради, уни таг-томири билан йўқ қилади ва пок тарзда топинувчиларни адолатли янги дунёга олиб киради. (Ваҳ. 16:14–16; 19:11–21)

20. Ҳизқиёнинг котиблик асбоби бор киши ҳақидаги ваҳийсидан қандай сабоқлар олдик?

20 Ҳизқиёнинг котиблик асбоби бор киши ҳақидаги ваҳийсидан умид бахш этувчи сабоқлар олганимиз учун жуда миннатдормиз! Яҳова одил инсонни ёвузга қўшиб йўқ қилиб юбормаслигига ишончимиз комил бўлиши мумкин. (Заб. 97:10) Қутулиб қолиш учун келажакда белги олишни истасак ҳозир нима қилишимиз кераклигини биламиз. Яҳовага топинувчилар сифатида Шайтон дунёсидаги ёвузликдан оҳ-нола қилаётган кишилар билан хушхабарни баҳам кўришда имкон қадар кўпроқ қатнашишга ва охират яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантиришга қатъий қарор қилганмиз. Шу тариқа, «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» инсонларга бизга қўшилиб пок тарзда топинишга ва Худонинг адолатли янги дунёсида яшаш учун белги олганлар сафига қўшилишга кўмаклашиш шарафига эга бўламиз. (Ҳавор. 13:48)

^ абз. 1 Ҳизқиё маъбадда жирканч ишлар қилинаётгани ҳақида кўрган ваҳий 5- бобда муҳокама қилинган.

^ абз. 13 Бир манбага кўра, бу от фақат диний атама бўлиб, деярли доим Худонинг назарида ахлоқий айбдорлик ёки қонунсизлик деган фикрни етказиш учун қўлланилади.

^ абз. 18 Афтидан, Буюк Бобилнинг вайрон бўлиши сохта диннинг барча аъзолари ўлишини англатмайди. Ўша пайтда ҳатто айрим руҳонийлар сохта динни тарк этиб, ҳеч қачон унга тегишли бўлмаганини таъкидлашади. (Закр. 13:3–6)